Экрандаги тажовуз ёҳуд кинонинг кучидан қандай фойдаланишмоқда?
Биз коммуникация тизими тараққий этган замонда яшаяпмиз. Деярли ҳар куни интернет, оммавий ахборот воситалари орқали дунёнинг у ёки бу мамлакатида катталар ва болалар томонидан содир этилаётган жиноятлардан хабардор бўлиб турибмиз. Жаҳонда турли қотиллик, зўравонлик, қонли тўқнашув, отишма, ўғрилик билан боғлиқ нохуш ҳодисалар юз беради. Уларнинг пайдо бўлишида маълум маънода кинофильмларнинг ҳам таъсири бор. Шу ўринда 1987 йилда экранларга чиқарилган «Капуци́нлар хиёбонидаги киши» фильмини мисол сифатида келтириб ўтиш керак.
Фильм қаҳрамони Мистер Жонни Фёст АҚШнинг Ёввойи Ғарбидаги шаҳарлардан бирида кинотеатр очиб, маст-аласт, уриш-жанжаллар билан шуғулланиб келадиган маҳаллий аҳолига эзгуликни тарғиб қилувчи фильмларни намойиш қила бошлайди. Шу тариқа кино одамларни тарбиялашга хизмат қилиши тарғиб этилади. Ҳақиқатан мўъжиза юз бериб, жиноятчилик авж олган шаҳарда маънавий юксалиш бошланади. Безорилар янги ҳаётга юз тутадилар. Аммо бу жараён узоқ давом этмайди.
Фёст бир неча кунга шаҳарни тарк этади. У қайтганида шаҳар остин-устун бўлиб кетган эди. Мистер Сэконд исмли шахс шаҳарга жангарилик, даҳшатли кўринишлар акс этган фильмларни олиб келиб, намойиш қиларди. Аҳоли бир зумда ортга қайтган – шаҳарда зўравонлик, маст-аласт юришлар, бошбошдоқлик юзага келган эди. Энди кино маънавиятни эмас, босқинчиликни тарғиб қиларди. Мистер Фёст шаҳарни тарк этишга мажбур бўлади.
Агар таржима қилинмаган бўлса, ҳали ҳам кеч эмас, мана шу фильмни ўзбекчалаштириб, тез-тез телевидение орқали кўрсатиб туриш керак. Киносаноат замонавий инсоннинг турмуш тарзи ва фикрнинг шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Киномагнатлар фильм яратар экан, миллионлаб доллар маблағ ишлаб олишни кўзлайди. Большевиклар доҳийси «Саньатлар ичида биз учун энг муҳими кино» деган эди. Мана шу санъатдан бугун зўравонликларни тарғиб қилишда фойдаланишмоқда.
28 декабрь – Халқаро кино куни. Шу муносабат билан кинога алоқадор бир нечта воқеани келтириб ўтаман. 2012 йилда Колорадо кинотеатрида юз берган отишма жангари фильмларнинг инсон руҳиятига салбий таъсири ҳақидаги баҳсларга мой сепгандек бўлди. Ўшанда қотиллик содир этган Жеймс Холмс исмли шахс Бэтмен ҳақидаги фильмларни томоша қилганидан сўнг кино қаҳрамони сингари бўлишни истаб қолган. Флоридадаги руҳий саломатлик марказларидан бирининг президенти, жангари фильмларнинг инсон руҳиятига таъсирини ўрганиб келаётган доктор Жей Ривнинг сўзларига қараганда, мазкур киноасарлар одамларни зўравонликларга тарғиб қилар экан. «Бундай фильмларни томоша қиладиган одамларнинг яширин нозик жиҳати бор. Мана шу пинҳоналик уларни фильм қаҳрамонларидек бўлишга ундайди», дейди мутахассис.
2002 йилда Вашингтон яқинида бир ўсмир 10 кишини отиб ташлаган эди. Мазкур ишни текширган терговчиларнинг фикрича, у «Матрица» (The Matrix) илмий-фантастик триллерини томоша қилган экан. «Зўравонликлар акс этган фильмлар, телекўрсатувлар, видеоўйинлар зўравонлик хавфини кучайтиради» дейди Мичиган университетининг психология бўйича профессори Роуэлл Хьюсман. Шу ўринда 1981 йилда президент Рональд Рейганнинг ҳаётига суиқасд қилганликда айбдор деб топилган Жон Хинкли «Таксичи» (Taxi Driver) фильмидаги қаҳрамонга ўхшамоқчи бўлгани айтилади.
1999 йилда Колорадодаги мактаблардан бирида юз берган оммавий қотилликни ўрганган терговчиларнинг таъкидлашича, ўз мактабдошларига ўқ отган ўсмирлардан бири кундаликларида «Қотил бўлиб туғилганлар» (Natural Born Killers) фильми ҳақида ёзиб қолдирган. Қурбонлар ҳамда жабрдийдаларнинг ота-оналари эса отишмани уюштирган ҳар икки қотилга «Баскетболчининг кундалиги» (The Basketball Diaries) фильми таъсир ўтказган бўлиши мумкинлигини айтишади.
Мутахасссилар бир гуруҳ одамлар иштирокида эксперимент ўтказишди. Уларга ҳужжатли, мелодрама ва жангари фильмлар кўрсатилди. Шундан сўнг таҳлил учун қонлари олинди. Мелодрама ва ҳужжатли фильмлар томошасидан сўнг одамлар қонида ўзгариш бўлмаган. Жангари фильмни кўрганларидан кейин эса қондаги антител миқдори ошиб кетган. Психологларнинг хулосасига кўра, даҳшат фильмларни томоша қилувчилар тажовузкор бўлар экан. Мана шуларни инобатга олган Хитой ҳукумати бир қатор даҳшатли фильмлар намойишини тўхтатиб қўйди. Техас университетида ўтказилган тадқиқот натижаларига қараганда, даҳшатли фильмлар инсон асаби учун тренинг вазифасини бажарар экан. Минг афсуски, сўнгги йилларда даҳшатли фильмлар ишқибозлари ортиб бормоқда.
Кино кўчма маънода ҳам, тўғри маънода ҳам ҳаёт. У инсонга ҳам салбий, ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Олимларнинг фикрича, фильмлар одамларга муаммоларини бир зум бўлса-да унутишга хизмат қилиб, кайфиятини кўтаради. Бунинг учун фильм қайси жанрда бўлишининг фарқи йўқ.
Тўғри, экрандаги зўравонликларни ҳар ким ўзича тушунади. Лекин ҳаммани ҳам ўзингизга ўхшатишингиз керак эмас. Фильмда акс этган ҳодисаларни сиз тўғри маънода қабул қилсангиз, бошқа биров бу зўравонликларни тўғри маънода миясида идрок этиши мумкин. Энг хавфлиси ана шунда. Бостондаги Шимоли-Шарқий университет профессори, криминолог Жеймс Фокс «кўпчилик ҳаётий реаллик билан фантазия ўртасидаги фарқни ажрата олмайди» деган фикрни айтади.
Вазиятни ўрганган мутахассисларнинг фикрича, жиноят ва жазо рукнидаги кўрсатувларни ҳам имкон қадар камайтириш керак. Уларда даҳшатли жиноятлар ҳақида маълумот берилар экан, журналист катта иш қилганидан фахрланиши мумкин. Аммо бу каби маълумотлар аксар ҳолларда кўпчилик учун ўқув қўлланмаси бўлиб қолаётганидан ҳам кўз юммаслик керак. Ўтган асрнинг 80-йилларида АҚШда маҳбуслар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига қараганда, жиноятчиларнинг 63 фоизи телеқаҳрамонлардан ўрнак олиб, шу ишни қилганликларини айтишган бўлса, 22 фоизи фильмлардаги жиноят технологиясидан фойдаланганини таъкидлаган.
Шу ўринда болаларга мўлжалланган мультфильмлардан ҳам эҳтиёт бўлиш лозим. Масалан, 1942 йилда илк бор экранга чиқарилган «Том ва Жерри»га нисбатан ўз вақтида «картондаги зўравонлик» ибораси ишлатилган эди. Мазкур мультфильм болалардан кўра кўпроқ катталарга мўлжалланган дегувчилар ҳам бор. Хорижий мультфильмларда тажовузкор ва беҳаё саҳналар борлигидан кўз юмиш керак эмас. Бу каби мультфильмларни болаларга сира кўрсатиб бўлмайди.
Экрандаги тажовузкорлик ҳаётдаги зўравонликни келтириб чиқаради, демоқда психиатр ва психологлар. Уларнинг гапида жон бор. Кимдир кинони худди адабиёт ва мусиқа сингари санъат асари сифатида, бошқа биров зўравонлик тарғиботчиси сифатида қабул қилади. Ҳақиқатан, бугун замонавий телевидение ва кинематография катта кучга айланди. Кино дунёқарашнинг шаклланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, катта муаммо ҳам борки, бу фильмда акс этган воқеа-ҳодисаларни қандай қабул қилинишидадир.
Маълум бўлишича, бугунги кунда, телевизор болалар учун асосий ахборот манбаига айланган. Масалан, Россияда болалар бир кунда ўртача 3–5 соат, Польша 2–4 соат телевизор қаршисида ўтирса, АҚШда улар ўз вақтини дарсдан кўра кўпроқ телевизорга сарфлашар экан. Швецияда ўқувчилар 10 йиллик ўқиш давомида 18 минг соатни телевизор қаршисида ўтказиши маълум қилинди. Ўтказилган тадқиқотларда қатнашган болалар телевизордан ота-оналари, дўстлари ёки ўқитувчиларидан кўра кўпроқ маълумот олишларини айтишарди. Америка Тиббиёт ассоциацияси маълумотларига кўра, ўқувчи мактаб даврида телевизор орқали ўртача 8000 та қотиллик ва 100.000 зўравонликни томоша қилар экан. Тадқиқотчилар телевидение ахлоқсизликни тарғиб қилишини ҳам тан олишади.
Шу ўринда айрим сериалларда эрнинг хотинга, хотиннинг эрга қилган хиёнатини намойиш қилиш назарда тутилади. Социологик тадқиқотлардан маълум бўлишича, ёшларнинг 58 фоизи фильм қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатларини такрорлашга уринади.
Айрим телекомпаниялар ахлоқ меъёрларига риоя қилмаган ҳолда чегарадан чиқиб кетмоқда. Масалан, 1998 йилнинг 1 май куни АҚШда эрта тонгдан бир қатор телекомпаниялар болаларга мўлжалланган кўрсатувларини узиб қўйиб, Лос-Анжелесдаги кўчада ўз жонига қасд қилган эркакни кўрсата бошлади. Ўшанда болалар қўлда қурол билан кўчада ўткинчиларга таҳдид қилиб чопиб юрган ва охир-оқибат ўз миясига ўқ отиб, кўчани қип-қизил қонга бўяган эркакни томоша қилишга мажбур бўлган эди. Тўғри, кейинчалик телекомпаниялар ота-оналардан кечирим сўради. Аммо ғишт қолипдан кўчган эди. Минг афсуски, бу каби кўринишлар бир қатор хорижий мамлакатларда одатий ҳолга айланиб улгурди. АҚШ мактаблари, таълим муассасаларида ўқувчи ёки талаба томонидан содир этилаётган отишма ва қотилликларни айтмай қўя қолайлик. Илмий тадқиқотлар кўрсатишича, телевидениенинг салбий таъсири натижасида жиноятчилик авж олмоқда.
Олимларнинг айтишига кўра, ҳар қандай мамлакатда бугун кўрсатилган зўравонлик ҳолати 10–15 йил ўтиб ўз таъсирини кўрсатар экан. Бу борада Жанубий Африка ва Канадада ўтказилган тадқиқотлар мисол сифатида келтирилади. АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида 1969 йилда жамиятда зўравонликларни тадқиқ қилувчи илмий-консультатив қўмитаси ташкил этилган. Қўмита ходимларининг сўзларига қараганда, экрандаги зўравонликлар томошабин ҳаётига таъсири бўлади. Шундай экан, телекомпаниялар ўз томошабинлари, айниқса болалар ва ўсмирлар орасидаги масъулиятни ҳис қилишлари керак. 1977 йилда АҚШдаги учта телекомпанияга (ABS, NBS, CBS) айблов эълон қилинди. Улар намойиш қилган лавҳа Майамидаги 15 ёшли ўсмирнинг 83 ёшли қўшнисини ўлдиришига сабаб бўлгани тан олинган эди.
Бугунги кунда «ўргимчак уяси» ҳам болалар учун хавфли бўлиб бормоқда. Интернет ва компьютер ўйинлари болаларнинг кўнгилхушлик маскани бўлиб қолди. Виртуал дунё билан ошно болалар ўз жонига қасд қилишдан қайтмаслиги борасида катталар огоҳлантирилмоқда. Интернетга мубтало бўлган бола монитор олдидаги вақтини назорат қилолмай қолади. У қотилликлар, қон тўкилишлари, шаҳвоний кўринишлар акс этган ўйинлар билан машғул бўлгач, соғлиғи ва ҳаётини гаровга тикиб, ҳаётда ҳам шундай қилишга интилади.
Жамият болаларни ўйинлар гирдобидан олиб чиқишни истаса, ота-оналар, ўқитувчилар, маҳалла-кўй, умуман олганда, кенг жамоатчилик оёққа туриши керак. «Катталар болалар учун вақт ажратиб, уларнинг нималар билан шуғулланаётганини назорат қилишлари лозим» дейди мутахассислар. Давлат зўравонликлар акс этган фильмларни тақиқлаётганига қарамай, ота-оналар фарзандларига вақт ажратмас экан, кўрилаётган чора-тадбирлар самара бермайди. Ахлоқсизлик, зўравонликларни тарғиб қилувчи фильм, кўрсатувлар ўз вақтида тўхтатилмаса, болаларнинг порлоқ келажаги зимистонга айланиши мумкин.
Шарофиддин Тўлаганов,
журналист.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter