Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шимолий Кореяда яна бир антиқа тақиқ кучга кирди

Шимолий Кореяда яна бир антиқа тақиқ кучга кирди

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакат аҳолисига ҳот-дог ейишни ман этди. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Daily Mail нашри хабар берди.

40 ёшли «доҳий» ҳот-догни «ўта ғарбона егулик» деб баҳолаган. Эндиликда ушбу харидоргир фаст-фудни тайёрлаш ва сотиш давлатга хиёнат деб малакаланади.

Жанубий Кореянинг будэ-чигэ деб аталган таоми ҳам Шимолда қора рўйхатга тиркалди. Сўнгги йилларда бу таом анча оммалашганди.

Бундан ташқари, Ким Чен Ин ажрашган эр-хотинларни меҳнат тутқунгоҳларига йўллашга ҳам амр қилган. Пхеньян маъмурияти никоҳ аҳдини бузишни «аксилсоциалистик одат» дея қоралаб келади. Ҳозирга қадар ажрашиш ташаббускори бўлган томон жазоланган бўлса, эндиликда оилавий ришталарни бузган ҳам эр, ҳам хотинга таъзир чораси қўлланади.

Ҳукумат янги чекловларни «мамлакатга кириб келаётган қолоқ капиталистик маданият»га қарши кураш доирасида амалга киритган.

Шимолий Корея халқ демократик республикаси таъсис этилган 1948 йилдан буён ўлкани Кимлар сулоласи идора этиб келади. Жумладан, Ким Ир Сен 1948-1994, Ким Чен Ир 1994-2011 йилларда раҳбарлик қилган. Бобоси ва отасидан қолган «тахт»ни 2011 йилда Ким Чен Ин эгаллаган.

Дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири саналган Шимолий Кореянинг коммунист раҳбарияти турли чеклов ва тақиқларни жорий этган. Мамлакатда интернет ва Wi-Fi’дан фойдаланиш имкони мавжуд эмас. Аҳоли Шимолий Кореянинг ички компьютер тармоғидан фойдаланиши мумкин. Ички тармоқ эса «мафкуравий тоза» сайтлардан иборат. Маҳаллий аҳолининг хорижга қўнғироқ қилиши ҳамда чет элликлар билан суҳбатлашиши ҳам ман этилган. Коммунистик партия фуқароларнинг соч турмаги қандай бўлишини-да белгилаб берган. Ортиқча эътибор тортувчи турмак ман этилади. Мамлакат эркаклари сочини Ким Чен Ин каби кузаб юришга одатланган.

«Капиталистик дунё маҳсулоти» саналмиш Соса сola ичимлиги савдоси ҳам тақиқланган. Умуман, мамлакатда антиқа тақиқлар мавжуд. Масалан, Ким Чен Ин бир муддат аввал мамлакат аҳолисига ит боқишни тақиқлаган. Расмий Пхеньянга кўра, хонадонда ит сақлаш «буржуазия ва капитализм сарқити» саналади.

Шимолий Корея сайёрамиздаги энг қашшоқ давлатлар сирасига киради. Аммо моддий тақчилликка қарамай, мамлакат раҳбарияти ҳашаматли ҳаёт кечиради.

Шимолий Корея разведкасида юқори лавозимда фаолият юритган, кейинроқ мамлакатдан қочишга муваффақ бўлган полковникнинг ҳикоя қилишича, ошиб бораётган харажатларни қоплаш учун расмий Пхеньян наркотик ҳамда қурол савдоси билан шуғулланмоқда. Жумладан, метамфетамин ишлаб чиқарувчи махфий лаборатория фаолият юритмоқда.

Миллиардлаб долларни ўғирласа-да, қўлга тушмай келаётган шимолий кореялик ҳакерларнинг «ҳунарлари» ҳам тилларда достон бўлган.

Хориж матбуоти аввалроқ Шимолий Корея диктаторининг ҳарами ҳақида ҳам нохуш фактларни ошкор этганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг