Марказий банк битта фуқарога ажратиладиган банк карталари сонига чеклов киритди
Ўтган йилнинг ноябрида Марказий банк битта жисмоний шахсга карталар сонини битта банкда 5 тагача белгилаш масаласи кўрилаётгани ҳақида хабар қилган эди.
Spot нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Марказий банк бу борада 2025 йилнинг 1 январидан 31 декабригача амал қиладиган янги тартибни тасдиқлади: яъни, эндиликда битта фуқарога ажратиладиган банк карталари сони 20тагача чекланади.
Қайд этилишича, ушбу вақтинчалик тартибга кўра, эндиликда банклар томонидан битта фуқарога (битта ЖШШИРга) эмиссия қилинадиган карталар сони битта банкда 5тагача, барча банкларда эса 20тагача чекланади.
Бунда мазкур талаб виртуал ва кобейджинг карталарни ҳам ўз ичига олади, бироқ чет эл валютасида очилган карталарга нисбатан татбиқ этилмайди.
Қайд этилишича, бу «банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш, фирибгарлик схемаларида жисмоний шахсларга тегишли ҳисобварақлар ва банк карталари иштирокини камайтириш мақсадлари» билан боғлиқ.
Бундан ташқари, Марказий банк тижорат банкларига жисмоний шахснинг банк карталарида (жумладан виртуал картасида) 12 ой давомида ҳеч қандай амалиёт бажарилмаган бўлса, ушбу карталарни блоклаш ва карта эгасига хабар бериш вазифасини ҳам юклагани айтилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter