Тошкентда йўл чизиқларини чизиш ва белгиларни ўрнатишга хусусий сектор жалб қилинади – лойиҳа
Пойтахт ҳокимлиги, ички ишлар ҳамда иқтисодиёт ва молия вазирликлари 2025 йилнинг мартига қадар Тошкент шаҳрида самарали транспорт бошқаруви тизимини ташкил этиш ва тирбандликларнинг олдини олиш бўйича сифат жиҳатдан янги тизимни яратиш чора-тадбирлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқадилар.
Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида айтиб ўтилади.
Лойиҳада, жумладан, Тошкент шаҳрининг транспорт ифратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби ҳамда шаҳарда йўл ҳаракатини илмий ёндашув ҳамда илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш бўйича замонавий техник ечимларни ишлаб чиқиш орқали транспорт оқимини самарали бошқариш ва тирбандликни олдини олишга қаратилган тадқиқотларни амалга ошириш масалалари ҳал этилиши керак.
Шунингдек, жамоат транспорти ҳаракатини ташкил этиш ва тартибга солиш, унинг жозибадорлигини ошириш механизмларини ишлаб чиқиш режа қилинмоқда.
Ҳужжат лойиҳасида Тошкент шаҳри кўчаларида йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиш, жумладан, йўл чизиқларини чизиш, йўл белгилари ва кўрсаткичларини ўрнатиш, алмаштириш, сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, ушбу ишларга аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш ҳам кўзда тутилади.
Қолаверса, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган ахборот-тарғибот ишларини амалга ошириш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг профилактикасига қаратилган бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштириляпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter