АҚШ Нетаняҳуни ҳимоя қилиш учун мисли кўрилмаган чора кўрмоқчи
АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида яқин кунларда Халқаро жиноят судини (ХЖС) жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси овозга қўйилади. Бу ҳақда Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсон маълум қилган.
Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Ғазо секторида инсониятга қарши ва уруш жиноятлари содир этгани учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди.
Ушбу икки шахсга Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан маҳрум қилиш айби ҳам илгари сурилган.
Яқин иттифоқчиси бўлмиш Исроил раҳбарларини қамоққа олиш ордери берилгани АҚШ расмийларини дарғазаб қилган.
«Вакиллар палатаси ХЖС мансабдорларига қарши санкция учун овоз беради. ХЖС прокурори Карим Хонга ўз жойини кўрсатиб қўямиз», – дея пўписа қилган ўтган ҳафта янги муддатга спикерлик лавозимига сайланган М.Жонсон.
Исроил матбуоти хабарига кўра, Вашингтон жорий этадиган санкциялар ХЖС аъзоларига нисбатан виза ва мол-мулк билан боғлиқ чекловларни ўз ичига олади.
Халқаро жиноят суди – доимий асосда фаолият юритувчи юридик орган бўлиб, 1998 йил 17 июлда имзоланган Рим статутига асосан таъсис этилган. Маҳкама халқаро миқёсдаги оғир қилмишлар – геноцид, инсониятга қарши ва ҳарбий жиноятларни кўриб чиқади. Рим статутини имзолаган 123 давлат маҳкама ҳужжатларини бажаришга мажбур.
Инсон ҳуқуқларини байроқ қилган АҚШ томонидан глобал миқёсда адолатни таъминлашда муҳим ўрин тутиб келган ХЖСга жазо чоралари қўлланиши мисли кўрилмаган ҳолат саналади. Кузатувчилар бу ҳол иккиюзламачилик ўлароқ баҳоланишидан огоҳлантирмоқда.
Гап шундаки, АҚШ раҳбарияти халқаро суд 2023 йил 17 март куни Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганида бу қарорни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган эди.
Нетаняҳу ва Галантни ҳибсга олиш ҳақидагп қарорни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идораси қўллаб-қувватлаган.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлари ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель халқаро суд қарори «сиёсий қарор» экани ҳақидаги иддаоларни рад этиб, бу ҳужжатни ЕИга аъзо барча давлатлар бажаришга мажбур эканини қайд этди.
Дунёнинг етакчи давлатларидан биргина АҚШ Нетаняҳу ва Галлантни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорга тиш-тирноғи билан қарши чиқмоқда.
Халқаро маҳкама прокурори Карим Хонга кўра, Исроилнинг юқори рутбали амалдорларига нисбатан тергов олиб бориш пайти унга таҳдидлар бўлган, ҳатто амалдорлардан бири халқаро маҳкама Ғарб ва унинг иттифоқчилари учун эмас, балки «Африка ва Путин каби каллакесарлар учун тузилгани»ни уқтирган.
2024 йил 24 июль куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ Конгрессида маъруза қилгани ҳам турлича талқин этилганди. Ғазо секторида қирғин содир этишда айбланаётган сиёсатчининг Қўшма Штатлар қонунчилик идорасида нутқ ирод қилиши айрим демократлар томонидан бойкот қилинган. Шунга қарамай, қарийб бир соатлик нутқ мобайнида АҚШ қонунчилари Исроил бош вазирини ўнлаб марта қарсак ва олқишлар билан қўллаб-қувватлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter