Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ Исроилга яна 8 миллиард долларлик қурол етказиб беради

АҚШ Исроилга яна 8 миллиард долларлик қурол етказиб беради

Фото: Reuters

АҚШ Давлат департаменти Конгрессни Исроилга 8 миллиард долларлик қурол-аслаҳа сотилиши режасидан хабардор қилди.

Axios нашрининг ёзишича, Қўшма Штатлар бу гал Исроилга «ҳаво-ҳаво» типидаги ракеталар, бомбалар ва ўқ-дорилар етказиб беради.

Бу президент Жо Байден маъмурияти Исроилга тақдим этган сўнгги қуроллар пакети экани айтилмоқда.

Олди-сотди битими Конгресснинг икки палатаси халқаро алоқалар қўмиталари томонидан тасдиқланиши зарур. Аммо республикачилар ҳам, демократлар ҳам Тель-Авивга хайрихоҳ экани инобатга олинса, олди-сотди тасдиқланишига шубҳа қилмаса бўлади.

Оқ уй маъмурияти Исроил ўз-ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига эга экани, бу борада АҚШ кўмак кўрсатишда давом этишини таъкидлаган. 

Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан 2023 йил 7 октябрь куни Ғазо секторига бостириб кирганидан буён қирғинбаротда 45854 нафар фаластинлик, жумладан, 17818 нафар болалар ва 12287 нафар аёллар ҳалок бўлди.

Ғазо секторида Исроил бомбардимонларида ҳалок бўлаётган тинч аҳоли сони ошиб бораётган бир пайтда халқаро ташкилотлар АҚШдан яҳудий давлатига қурол етказишни тўхтатишни талаб қилмоқда. Жумладан, Oxfam ҳамда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил бомбардимонларида минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қайд этиб, Тель-Авив Вашингтон томонидан етказилаётган қуроллардан халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида истифода этишини савол остига олган.

Қўшма Штатлардаги таниқли сиёсатчилардан бири, сенатор Берни Сандерс кўп миллиардлик кўмак беришдан аввал Нетаняҳу маъмурияти зиммасига тинч аҳоли ўлимини камайтириш борасида мажбурият юклашни талаб қилган.

Аввалроқ Давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди. 11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Ж.Пол ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралагани ҳолда, ҳозирги вазиятда яҳудий давлати тутаётган сиёсат ва АҚШ уни қўллаб-қувватлаётгани хато эканини таъкидлаган.

АҚШ Қуролли кучлари учувчиси Ларри Ҳеберт эса Оқ уй қаршисида очлик эълон қилган. У Байденнинг Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлаганига шу тариқа норозилик билдирган.

Жаҳон матбуоти хабарига кўра, халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, АҚШ Исроилни гоҳ ими-жимида, гоҳ ошкора қуроллантиришда давом этмоқда.

2024 йил август ойида Байден маъмурияти Исроилга 20 миллиард долларлик қирувчи учоқлар ва ҳарбий техника олди-сотдисини тасдиқлаган.

Оқ уй 2024 йил май ойида мамлакат қонун чиқарувчи идорасини Исроилга 1 миллиард доллардан зиёд миқдорда қурол-аслаҳа етказиш режасидан хабардор қилган.

2023 йил декабрь ойида Давлат департаменти икки марта қонун чиқарувчи идора рухсатини ҳам кутмай Исроилга кўп миллион долларлик ўқ-дори етказишни маъқуллаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг