Трампнинг қарори Исроилни хавотирга солиб қўйди

АҚШ Суриядан 600 га яқин ҳарбий хизматчисини олиб чиқиб кетади. Исроил томони Вашингтоннинг бу қарорини минтақадаги режаларига таҳдид ўлароқ кўрмоқда.
AP ахборот агентлиги хабарига кўра, президент Доналд Трамп маъмурияти Суриядаги ҳарбий контингентни босқичма-босқич қисқартириш ва яқин истиқболда бутунлай тугатишни режалаштирган.
Дастлабки босқичда 600 нафар аскар олиб чиқилади. ИШИДга қарши кураш ҳамда курд иттифоқчиларини дастаклаш учун 1000 чоғли аскар қолдирилади.
Сўнгги йилларда АҚШ аскарлари Суриядаги ИШИД бўлинмаларига қарши курашда иштирок этди ҳамда Туркияга қарши кайфиятдаги курд гуруҳларини қўллаб-қувватлаб келди.
2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС ҳаракати ҳужуми ортидан Исроил Ғазо секторига бостириб киргач, АҚШ Суриядаги ҳарбийлари сонини 2000 нафарга етказди.
2024 йил 8 декабрь куни Сурияда Башар Асад ҳокимияти қулагач, мамлакатда ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар рўй бера бошлади. Трамп маъмурияти ҳам Сурияда Америка аскарларини сақлаб туришни мақсадга мувофиқ эмас деган хулосага келди.
Дамашқда ҳокимият алмашиши билан Исроил армияси Жўлон тепалиги оша Сурияга ҳудудига кирди. Асад режими қулаши ортидан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурия билан 1974 йилда имзоланган битим ҳам ўз кучини йўқотганини иддао қилди ва ўз ҳарбийларига Сурия билан чегара ҳудуди ва уни назорат қилувчи позицияларни эгаллашни буюрди.
Исроил сўнгги ойларда Сурия бўйлаб ўнлаб авиазарбалар берди.
Тель-Авив иддаосича, ҳарбий объектлар ва қуроллар “мухолиф кучлар қўлига тушиши ва Исроилга таҳдид уйғотиши мумкин”.
Таҳлилчилар эса Исроил вазиятдан фойдаланиб Сурияни янада заифлаштиришга уринмоқда деб ҳисоблайди.
АҚШнинг Сурияни тарк этиш режаси Исроил томонидан хавотир билан қарши олинган. Тель-Авив расмийлари Вашингтондан бу қарорни қайта кўриб чиқишни сўраган. Аммо Оқ уй бу сўровни рад этган.
Гап шундаки, Исроил Суриядан АҚШнинг чиқиб кетиши ортидан Туркиянинг таъсири ошишидан хавотирда.
Туркия Суриянинг янги ҳукумати билан ҳарбий база ташкил этиш ҳамда суриялик аскарларни ҳарбий тайёргарлигига кўмаклашиш борасида битим имзолаши кутилмоқда. Бу эса Исроил томонидан хавфсизликка таҳдид деб қабул қилинмоқда.
Айни пайтда Исроил ҳарбий учоқлари Сурия ҳаво ҳудуди бўйлаб тўсқинликсиз ҳаракатланаётганини кўриш мумкин. Мамлакат ҳудудида Туркия ҳарбий базасининг ташкил этилиши Исроил учоқларини бу тариқа ўзбошимча парвозлари ва бомбардимонларига чек қўяди.
Аввал хабар берганимиздек, Исроил бош вазири Нетаняҳу 7 апрель куни АҚШга ташрифи пайти президент Трампга Сурияда Туркиянинг таъсири ошиб бораётганидан шикоят қилган ва бу билан Анқарага босим ўтказиш зарурлигига шама қилган эди. Трамп бу шамага эътибор қаратмаган, боз устига, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан дўстона муносабатда эканини таъкидлаб, Нетаняҳуга бу масалада “ақл билан иш юритиш”ни тавсия этганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter