Лукашенко НАТО мамлакатларига ядровий зарба беришга тайёрлигини маълум қилди
Агар НАТО давлатлари Беларусга ҳужум қилишга қарор қилсалар, Минск Россия билан келишув асосида мамлакатда жойлаштирилган ядро қуролидан фойдаланади. Бу ҳақда Белорус давлати президенти Александр Лукашенко маълум қилди.
«Улар бизга ҳужум қилишлари биланоқ, биз ядро қуролидан фойдаланамиз», - дейди Лукашенко.
Унинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин яқинда ядровий доктринани ўзгартиришга бағишланган нутқида Беларус ўз мудофааси учун ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини тасдиқлаган.
Унинг сўзларига кўра, Польша ва Америка ҳарбийлари аллақачон Беларус билан чегарада туришган ва Польша расмийлари «қўлларини ишқалаб» ҳужум қилиш вақтини кутишмоқда.
«Шунинг учун Россия ўзининг бутун ядро арсеналидан фойдаланади. Ва бу аллақачон жаҳон уруши деганидир. Ғарб ҳам буни хоҳламайди, албатта. Улар бунга тайёр эмас. Лекин биз уларга очиқ айтамиз: қизил чизиқ - давлат чегараси. Агар сиз унга қадам қўйсангиз, жавоб дарҳол бўлади», – деб таъкидлади Беларус президенти.
Маълумот учун, СССРнинг парчаланишидан кейин Беларус ядровий арсеналдан воз кечган ва 1993 йилда ядро қуролига эга бўлмаган давлат сифатида Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилган эди.
Бироқ, 2023 йил март ойида Россия президенти Владимир Путин Беларус ҳудудида Россиянинг тактик ядровий қуролларини жойлаштириш режасини эълон қилди. Буни эса АҚШнинг Европа мамлакатларида қуролларини жойлаштириш сиёсати билан изоҳлади. Ўша йилнинг июн ойи ўрталарида эса республикага биринчи ядровий зарядлар келтирилди.
2024 йил ёзининг бошига келиб, Беларус ҳарбийлари стратегик бўлмаган ядровий қуроллардан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотларини якунлади.
25 сентябр куни Путин Россия Хавфсизлик кенгашининг ядровий тўсиқ бўйича йиғилишида Россия ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини айтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter