Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Алиев «Россия томони узр сўраши ва айбдорлар жазоланиши»ни талаб қиляпти

Алиев «Россия томони узр сўраши ва айбдорлар жазоланиши»ни талаб қиляпти

Боку Москвадан «айбини тан олишни, айбдорларни жазолашни ва авиаҳалокат жабрланувчиларига компенсация тўлаш»ни талаб қиляпти.

Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев жорий йил 25 декабрь куни AZAL авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолётнинг Қозоғистон ҳудудида ҳалокатга учраши ортидан қилган илк чиқишида маълум қилди.

«Учувчилар тирик қолмасликларини билишарди, лекин улар қаҳрамонлик кўрсатишди ва улардан миннатдор бўлишимиз керак – ҳалокатда омон қолганлар бор.

Россия томони Озарбайжон олдида узр сўраши керак. Айбдорлар эса жазоланиши шарт. Шунингдек, Москва жабрланган йўловчиларга компенсация ҳам тўлаб бериши зарур», – деди Озарбайжон етакчиси.

Алиев, шунингдек, ҳозирда самолётнинг қора қутисидаги маълумотлар ўрганилаётганини маълум қилиб, унда самолёт нега Грознийга қўндирилмагани, радиоэлектрон ҳужум самолётни бошқаришга қанчалик таъсир қилгани ҳамда ҳаводаги зарба ва самолёт яқинидаги портлашнинг оқибатлари қанчалик жиддий бўлгани ҳақидаги саволларга жавоб олинишини таъкидлади.

«Бизни хафа қилган ва ҳайратга солган нарсалардан бири, Россия расмий тузилмалари қандайдир газ баллонининг портлаши ҳақидаги версияларни илгари сургани бўлди. Яъни бу Россия томони масалани жим қилмоқчи эканлигини очиқ кўрсатди ва бу, албатта ҳурматсизликдир.

Бу очиқ фактни инкор этиш ва уни яширишга уриниш ҳам бемаънилик, ҳам аҳмоқликдир», – деди Алиев.

Унинг қўшимча қилишича, албатта, самолёт атайлаб уриб туширилмаган, лекин зудлик билан айбни тан олиш, дўст мамлакатдан кечирим сўраш ва ҳамма нарсани жамоатчиликка етказиш керак эди.

«Афсуски, дастлабки уч кун ичида биз ёлғон версиялардан бошқа ҳеч нарсани эшитмадик», – деди Озарбайжон раҳбари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг