Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Янги йил, сен янги қўшиқ бўлиб кел!» (видео)

Биз ахборотлар оқими даврида яшаяпмиз. Бир ёнга қарасангиз, урушлар, талофатлар, фалокатлар, бир томонга қарасангиз ютуқлар, қувончлар, муваффақиятлар. Шу бугун йил охирида, янги йил остонасида, фақат яхшиликлар, эзгуликлар ҳақида айтгим келди, нохуш хабарлар ортда қолишини истадим.

Мана яна бир йил ортда қолди. Йиллар ўз елкасида бизнинг бир текисда ўтаётган сермазмун кунларимизни, эзгу ташвиш ва қувончларимизни ортмоқлаб олға интилаверади. Ҳар бир инсон янги йил остонасида ортга бир назар ташлайди. Яқинларингизга, таниш-билишларингизга ўтган йилда қандай эсда қоларли воқеалар бўлди, деб савол берсангиз ҳар бирининг ўз эсда қоладиган кунлари борлигини, бу йилдан ҳам умиди катта эканлигини таъкидлайди.

Қаранг ижтимоий тармоқлар орқали профессор аёл Гулноза Одилова ёзаяпти:

Йил мен учун жуда баракали ва сермаҳсул бўлди, 2-дарслигим чиқди, Европадаги нуфузли илмий анжуманга бориб маъруза қилдим, Phd шогирдим ҳимоясида қатнашдим, Малазия, Португалия, Вьетнам, Хитой, Туркия, Болгарияга бордим, 7 та илмий мақолам чиқди, таржима бўйича кўпдан бери режалаштирган лойиҳамни якунладим, «Миллийлик – миллат бренди лойиҳаси» кординаторлигини қилдим, йил якунида 2025 йил Англияда бўлиб ўтадиган жаҳон таржимашуносларидан топ 1000 та таржимашунос олим маърузаси танлаб олинган ҳалқаро Конгрессга маърузам қабул қилинди, йил давомида ўзим танимаган 100 дан зиёд мустақил тадқиқодчи ва докторантларга илмий иш ёзиш сирлари ҳақида онлайн дарс ўтдим, Профессор илмий унвонини расман олдим...

Бу зиёлиларимиз орасида биргина аёлнинг сарҳисоби, бундай ютуқли ишлари билан фахрланадиган яна қанчадан қанча юртдошларимиз бор.

«Ўзбеклигимиз – ўзлигим» нодавлат-нотижорат ташкилотининг очилганига икки йил бўлди. Аммо шу икки йил ичида ушбу ташкилот миллийликни тарғиб қилувчи ҳамюртларимизни излади, топди, бирлаштирди. Йил охирида ушбу ташкилот раҳбари Моҳира Султонова ташаббуси билан ўтказилган ўзбеклигим ўзлигим танловида миллийликни тарғиб қилишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган, турли соҳа вакиллари орасидан энг фаоллари танлаб олинди.

 Танловда «Менинг дўппим» йўналишида қатнашган Бухоролик София Латипова Собир қизининг ролигини кўриб, юраги жиз этмаганлар бўлмади ҳисоб.  Болажонларимиз ўзбекона қадриятларимизга бефарқ эмаслигидан, ана шундай чиройли контентлар яратаётганидан фахрланди. Танловда энг кўп кўришлар сони, лайк ва изоҳларга қараб ҳалқимизни ўзиям шу қизчани ғолиб топди.

«Тадбиримизга она бола шундай гўзал миллий кўринишда келишганда эса соврин ўзини ҳақиқий эгасини топганига ҳурсанд бўлдим, – дейди ташкилот раҳбари Моҳира Султонова. – Демак, халқимиз орасида миллийлигимизга бундай ошнолар кўп экан, хали хаммаси йўқотилмабти. Асосийси чўғ бор, алангани эса ўзимиз баландлатамиз.

Ҳамманинг дилидан жой олиб, тилидан тушмаётган «Ўзбеклигим-ўзлигим» ташкилотининг муҳташам танловида мени ҳам тақдирлашди, деб ёзади нафақат ижтимоий тармоқларда фаол балки, ҳаётда ҳам, онкологик касалликлар билан курашаётган болалардан ёрдамини аямаётган ҳамюртимиз Муаззам Иброҳимова. – Ёшларга миллий қадриятларни улуғловчи контентлар яратиш йўналишида Абу Райҳон Ал Берунийнинг болалик саргузаштлари акс этган анимацион фильмининг сценарий муаллифи сифатида мукофотга муносиб кўришди.

Жудаям хурсанд бўлдим.

Айтганча, мақола тайёрланиш асносида Муаззам Иброҳимованинг «Беруний саргузаштлари» «Олтин Ҳумо» Миллий мукофотини қўлга киритди.

Бундай эзгу хушхабарларнинг адоғи кўринмайди. Орамизда дунёни яхшиламоқчи бўлаётган ҳамюртларимиз кўп. Шулардан яна бири Жиззах вилояти, Ғаллаоролнинг чекка қишлоғи Жийдалида кутубхона очган қиз. Болаларга катта кутубхона қандай бўлишини кўрсатишни орзу қилган Наргиза Қўшмонова шу йил орзусига эришди – ташкил қилган кутубхонасига «Умид» деб ном берди.   Даволанишни беш йил ортга суриб кутубхона очган қизнинг қишлоғида ҳали ўқимишли, зиёли, дунёқараши кенг одамлар сони китоблар сонидан ҳам кўпаяди.

Бу йил амалга оширилган, қалбимизга эзгу ҳисларни улашган воқеаларни хотирлашда давом этаман. Ўзбекистон байроғи Антарктика музликларига қадаган ҳамюртимиз Абдураҳмон Фозиловни эслаб ўтгим келади. Ахир мана шу саёҳатчи блогер туфайли Антарктида музликларида Ўзбекистон байроғи ҳилпирамоқда! У нафақат юртимиз байроғини, балки қўшни қардош халқлар байроқларини ҳам Антарктикага ўрнатди, яъни қардош халқлар билан якдиллигимизга том маънода ишора берди.

«Ассалому алайкум яхшимисиз опа, Қашқадарё вилояти Чироқчи туман Қаҳрамон қишлоғида одамлар ҳашар қилиб кўприк қурдик, шуни сиздан суюнчи олмоқчи эдим», дейди Imona medical клиникаси раҳбари Баҳодир Мансуров...

Мана шу кўприк қурилиши ҳам юрт равнақига ҳисса қўшиш, аслида.

Кўприк қурилишида ташаббус кўрсатган уста Файзулла Янгибоев журналист Акмал Абдиев қишлоқ оқсоқоли Турғун Кенгбоев ва Баҳодир Мансуровларнинг аҳоли якдиллиги билан  қурилган ушбу «Қаҳрамонлар» кўприги ҳам 2024 йилдаги унутилмас воқеалардан биридир. Балки бу қурилиш ҳақида бонг урилмагандир, аммо уни қурганлар шу ерлик аҳоли томонидан ҳар лаҳзада йиллар давомида миннатдорлик билан эсланади.

Бу йилги шов-шувли воқеалардан яна бири Диёра Келдиёрованинг Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинларида олтин медал соҳиби бўлгани. Диёринг бу ютуғи нафақат спорт соҳасида балки, қизларимизнинг бошқа соҳаларда ҳам кучли бўилишга, ўз устида ишлашига туртки бўлди. Қанчадан-қанча ота-оналар қизларининг Диёрадек бўлишини кўнглига туккан ва саъй-ҳаракатни бошлаган бўлса ажаб эмас. Қанчадан- қанча қайноналар Диёранинг қайнонасидек ва Диёранинг турмуш ўртоғидек аёлни қўллаб-қувватлаш лозимлигини яна бир бор англаган бўлсалар ажаб эмас...  

2024 йил ҳар биримизнинг ҳаётимизда кичкинагина бўлсада из қолдиргани шубҳасиз. Бу йил яна кимнингдир фарзанди мактабга чиқди. Мана яқинда алифбени ҳам ўқиб тугатди — у сабоқ чиқарди. Ўқиш-ёзишни ўрганди. Болакайдан ёки қизалоқдан ота-онасининг, устозининг умиди катта. Чунки у ҳозирданоқ расмни яхши чизишини, шахматга уқуви борлигини намойиш қилди. Ким билсин келажакда ундан балки таниқли рассом ёки шахматчи чиқар. Яна қайсидир юртдошимизнинг қизи ёки ўғли талаба бўлди. Унинг энди маъсулияти икки баробар ошди. Чунки у танлаган касбининг яхши мутахассиси бўлиши учун кўпроқ ўқиб ўрганиши, ўз устида тинимсиз изланиши лозим. Мана яқинда укангизнинг, опангизнинг ёки қўшнингизнинг фарзанди оила қурди. Демак янги, мустаҳкам оила бунёд бўлди. Ахир буларнинг бариси юртимиз учун келтираётган фойдамиз, тинчликка қўшаётган ҳиссамиз эмасми?

Ҳар тонг хонадонимиз тўрида ўтирган пиру бадавлат боболаримиз, момоларимиз яхши тилаклар билан бизни ишга ўқишга, йўлга кузатиб қўйишади. Демак уларнинг  кўнглидаги софлик, эзгулик, яхшилик каби хислатлари бизга, фарзандларимизга юқади. Кўчада, ишхонада биз ҳам одамларга улар каби яхшилик  соғинамиз.

Янги йилни ана шундай пок ниятлар, эзгу умидлар билан қарши олган, эртанги кунига умид билан яшаётган ҳар бир юртдошимизга, элдошимизга янги йилингиз қутлуғ бўлсин деймиз. Шоир айтганидек,

                               Ҳар кундан инсоннинг умиди улуғ,

                              Ҳар кундан ҳидоят кутиб яшайди.

                               Ўтар йил, биз сенга қиламиз қуллуқ,

                               Янги йил лаб очган гулга ўхшайди.

                               Янги йил, сен янги қўшиқ бўлиб кел,

                               Болам қувончига бешик бўлиб кел,

                               Тинчлик сабосига эшик бўлиб кел,

                               Хуш тилак азалдан нурга ўхшайди.

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг