Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мозордан дунё излаган ака-укалар фожиаси

Мозордан дунё излаган ака-укалар фожиаси

Иллюстратив фото.

- Ким шуни кўриб турибди, ол. Яна қулфлаб қўямиз!

- Сал ноқулай-да!

- Қўйсанг-чи, нимаси ноқулай. Оч, ол, тамом!

Ука аканинг гапига кирди. Қабристоннинг кириш йўлагига ўрнатилган «Хайрия қутиси» эшикчасини очди.

- Эҳҳеее, анча-мунча тўпланибди-ку!-Некнинг кўзлари ёниб, акасига қаради.

- Сен нима деб ўйлагандинг! Тезда ол, ярим-ёрти қолсин, бўлди. Ҳализамон тонг ёришади!-буйруқнамо сўзлади Жаббор.

Кечагина Ромитан туманидаги қабристонлардан бирида онасини қўйган ва туни билан қабр бошида қолган 17 ёшли Ваҳобжон қабристон қоровуллари бўлган ака-уканинг бу хатти-ҳаракатларини кузатиб, ҳангу-манг бўлиб қолди. Уларнинг ҳаракатларини озроқ бўлса-да, қўл телефонига тасвирга туширишга улгурди. Аммо, тун ғира-шираси тасвирларда ўз таъсирини ўтказмай қўймаган.

«Ҳозир мавриди эмас. Яхшиси, бу ҳақда тегишли органларга билдираман...»-Ваҳобжон шу қарорда яна жим ва сокин онасининг қабри устига чўккалади.

Ромитан туманида яшовчи ака-ука Нек ва Жаббор Чориевлар (исм-шарифлари ўзгартирилган) нинг хатти-ҳаракатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан изчил ўрганилиб, қабристондаги «Хайрия қути»сида қабристон ободончилиги учун тўпланган салкам бир миллион сўмга яқин пулларни талон-тарож қилишгани фош этилди. Ака-укалар Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортилиб, ўз жазоларини олишди.

«Нек ва Жаббор Давроннинг ўғиллари-да. Отаси ҳам бир неча йиллар илгари жиноий жазосини ўтаб қайтганди. Ҳозир маҳалланинг тўй-маъракалари, дўсту биродарлар давраси унга бегона. У ҳам бир пайтлар қабристондаги қурилиш материалларини ўғирлагани учун «ўтириб» чиққанди»,-дейди маҳалла вакилларидан бири.

Маълум бўлишича, ака-укаларнинг отаси Даврон Чориев (исми шарифи ўзгартирилган) ҳам бундан салкам 12 йилча илгари Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди ҳукми билан қамоқ жазосига тортилган. У ўшанда қабристон олдида тикланиши лозим бўлган масжид учун керакли қурилиш материалларини ўғирлаб, уларни пуллаган бўлган.

Маҳалла вакили бошқа бир воқелик ҳақида сўзлаб экан, мозорлардан насиба излаган ожизқалб кишиларнинг «ишлаб топган даромад»лари юз минг жабр билан қайтиши мумкинлигига ишора қилади.

- Бундан 20 йилларча бурун.., биз у вақтда ҳали ўсмир бола эдик. Маҳалламизда Мирсодиқ ака деган бир пулдор одам бўларди. Қўли очиқ, саховатли. Бировни кўнглига озор бермаган, савобталаб одам эди. Ҳар устки ва пастки жағ тишлари тилладан бўлган Мирсодиқ ака куни битиб, қазо қилди. Уни дафт этишганидан сўнг Аҳмад ва Толиб исмли қишлоқдошларимиз марҳумнинг қабрини ковлаб, тишларини суғириб олишни кўзлашган.

- Ҳа, бундай ҳолатлар, айниқса, 80-90 йилларда авж олгани ҳақида эшитганларимиз бор,-деймиз маҳалла вакилининг суҳбати давомига қизиқиб.

- Улар ҳали гўри совимаган Мирсодиқ аканинг мозорини ковлашган. Гўр ичига тушиб, кафанни очиб, бебурдларча мурданинг жағларини куч билан шафқатсизларча эзиб, пичоқ билан қўпориб, тилла тишларини суғириб олишган. Ўша кезда раҳматли Мирсодиқ аканинг руҳи қанчалар чирқирраганини тасаввур қилаверинг! Жасадни яна гўрбанд қилиб, яна ортга қайтган «ҳамкорлар» йўлда тилла тишларни бўлишолмай қолишган,-сўзлайди маҳалла вакили.

Ҳолатга кўра, марҳумнинг тилла тишлари устида ўзаро тортишган қишлоқдошлар жанжалга, сўнг муштлашувга боришган. Аҳмад жаҳл устида мурданинг тишларини суғирган пичоқ билан Толибга ташланган. Қаттиқ жароҳатланган Толибнинг қўйнидаги тилла тишларни олиб, воқеа жойидан қочган. Ярим тунда қонли уст-боши билан уйига кирмаслик учун қон изларини йўқотиш мақсадида катта ҳовуз бўйига келган. Вужудида саросима, ҳаяжон ва қўрқув устун келган Аҳмаднинг оёқлари ўзига бўйсинмай қолган. Ҳовузга ағанаб кетган.

- Ҳовуз, деярли, чуқур эмасди... Аммо, эртасига пешиндан кейин пичоқланиб, кўп қон йўқотиб, жони узилган Толиб ва ҳовузда чўкиб ўлган Аҳмаднинг тобутини мозорга олиб кетишганди..,-дейди маҳалла вакили.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг