Тўқаев учоқда Ерни тўрт марта айланиб чиқди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2024 йил мобайнида самолётда қарийб 159 минг километр йўлни босиб ўтди. Бу – Ер сайёрасини унинг белбоғи (экватор) бўйлаб тўрт марта айланиб чиқишга тенг масофадир.
Шу тариқа Қозоғистон президенти самолёт ва вертолётда жами 245 соат 18 дақиқа вақт ўтказган.
Ушбу рақамлар Қозоғистон президенти матбуот хизмати томонидан ҳозирланган йил якунларига бағишланган таҳлилларда акс этган.
Қайд этилишича, Тўқаев йил мобайнида 23 та хорижий ташрифни амалга оширган, 19 та халқаро форум ва саммитда қатнашган. Халқаро тадбирлар доирасида 27 нафар президент билан, 84 нафар давлат, ҳукумат раҳбарлари ва бошқа юқори мартабали масъуллар билан музокара ўтказган.
Қозоғистон 2024 йил мобайнида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Озиқ-овқат хавфсизлиги Ислом ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби тузилмаларда раислик қилгани Остона ташқи сиёсатидаги ютуқлар сифатида қайд этилган.
Маълумот ўрнида, Қозоғистон президентининг Ер сайёрасини тўрт бор айланишга тенг сафарларига Ўзбекистонга ташриф ҳам киради. Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил апрель ойида Қосим-Жўмарт Тўқаев Хива шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йилдаги ташқи сиёсий тадбирларга, давлат ва жамият ҳаётига дахлдор воқеаларга бой бўлган серқирра фаолиятига доир рақамларни эълон қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter