Президентга 2025 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун ижросига доир ахборот берилди
Президент Шавкат Мирзиёевга «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида ахборот берилди.
Мазкур қонун 17 та модда ва 10 та иловадан иборат бўлиб, унда асосий иқтисодий кўрсаткичлар ўз ифодасини топган. Хусусан, 2025 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 6 фоиз ўсиши кутилмоқда.
Консолидациялашган бюджет даромадлари 431 триллион сўм миқдорида, харажатлари эса 480,5 триллион сўм миқдорида режалаштирилган ҳолда, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз миқдоридаги тақчиллик билан тасдиқланди.
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари баланси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 фоиз миқдорида тақчиллик билан шакллантирилди. Бунда давлат бюджети даромадлари 308,5 триллион сўм, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 344,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилди.
2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари прогнози 65,8 триллион сўм, харажатлари прогнози 84,3 триллион сўм миқдорида бўлиши инобатга олинган. Шунингдек, республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга 18,5 триллион сўм миқдорида тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар ўтказиб берилиши назарда тутилган.
Қонунга кўра, бу йил ҳам бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинди. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, муҳтож аҳолини уй-жой билан таъминлаш каби тадбирлар учун жами давлат бюджети харажатларининг 52 фоизи йўналтирилади.
Маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш ва мустақиллигини ошириш мақсадида қуйидаги солиқ турлари қўшимча тарзда туман ва шаҳарлар бюджетларида қолдирилади:
- айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг ер ва мол-мулк солиқлари тўлиқлигича (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумларининг камида 50 фоизи (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
- давлат мулкини хусусийлаштиришдан маҳаллий бюджетларга тушадиган тушумларнинг 50 фоизи.
- Шунингдек, туман ва шаҳарлар маҳаллий кенгашларига айрим солиқ турлари бўйича коэффициент қўллаш ваколатлар берилган.
Умуман, давлат бюджети жорий йилда ҳам иқтисодиётни изчил ривожлантириш, ижтимоий масалаларни манзилли ҳал этиб, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter