Марказий Осиё маданий меросини асраш бўйича танлов эълон қилинди

ALIPH жамғармаси Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда Марказий Осиёнинг маданий меросини иқлим таҳдидларидан асраш бўйича лойиҳалар танловини эълон қилди. Бу ҳақда ЕИнинг Тошкентдаги делегацияси маълум қилди.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган Орол маданият саммити доирасида эълон қилинган лойиҳалар танлови иқлим ўзгаришлари ва табиий офатларнинг минтақадаги маданий меросга ошиб бораётган таҳдидларини камайтиришга қаратилган.
Молиявий ёрдам Европа Иттифоқи томонидан тақдим этилади. Грант жараёни эса ALIPH жамғармаси томонидан бошқарилади.
Минтақа маданий меросини иқлимий таҳдидлардан асраш бўйича кичик (27 минг еврогача) ва ўрта (180 минг еврогача) миқдорда грантлар тақдим этилади.
Танловда маданий меросни ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган муассасалар, хусусий ташкилотлар, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари иштирок этиши мумкин.
Аризалар Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан қабул қилинади.
Таклифларни топширишнинг охирги муддати сифатида 2025 йил 31 июл санаси кўрсатилган. Ташкилотчиларга кўра, молиялаштириш тўғрисидаги қарорлар 2025 йил декабрига қадар эълон қилинади.
Танловга оид батафсил маълумотни расмий сайтдан олиш мумкин.
«Бу — ALIPH томонидан бир йил ичида иккинчи бор иқлимга оид лойиҳалар учун эълон қилинаётган танловдир. Европа Иттифоқи ALIPH билан ҳамкорликда минтақадаги моддий, номоддий маданий меросни ҳимоя қилишга бел боғлаган, бу борада маҳаллий ҳокимиятлар ва маданий мерос муассасалари билан ҳамкорлик қилади», — дейилади ЕИ делегацияси хабарномасида.
Маълумот ўрнида: ALIPH (International alliance for the protection of heritage) можаролар, урушлар, табиий офатлар ва инқироз ҳудудларида маданий меросни асрашни мақсад қилган глобал фонддир. 2017 йили Женевада ташкил этилганидан буён ташкилот 42 мамлакатда 500 дан ортиқ лойиҳани қўллаб-қувватлаган.
27 давлатни бирлаштирган Европа Иттифоқи иқтисодий ва сиёсий иттифоқ бўлиб, инсон қадр-қиммати, эркинлик, демократия, тенглик, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига, шу жумладан миллатлар ҳуқуқларига ҳурмат тамойилларига асосланган. ЕИ дунёда жамият, атроф-муҳит ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш орқали ҳар бир инсон учун манфаатлар яратишга интилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter