Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Уч томонлама сайёра инқирози – Самарқанддаги форумда муҳим масала муҳокама қилинди

Уч томонлама сайёра инқирози – Самарқанддаги форумда муҳим масала муҳокама қилинди

Самарқанд иқлим форуми доирасида «Марказий Осиё уч томонлама сайёра инқирози қаршисида» мавзусидаги панель муҳокамаси бўлиб ўтди.

Муҳокамада Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Туркманистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Чаригелди Бабаниязов, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нйсанбаев, Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баҳодур Шерализода, Қирғиз Республикаси табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Медер Машиев, Мўғулистон атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазири Салдан Одонтуя, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Бош директори ёрдамчиси ва Европа ҳамда Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Виорел Гуту иштирок этди.

Тадбирда нутқ сўзлаган Азиз Абдуҳакимов Марказий Осиё минтақаси долзарб экологик муаммоларга дуч келаётгани ва Ўзбекистон томонидан бу борада бир қанча самарали ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади.

«Ўзбекистон экологик конвенция ва битимларнинг фаол иштирокчиси сифатида барча даражаларда: маҳаллий, минтақавий ва глобал миқёсда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қатъий позициясини намоён этмоқда. Самарқанд иқлим форуми эса етакчи халқаро экспертлар ва ҳукумат вакилларини бирлаштириш, Марказий Осиёга глобал даражада эътиборни жалб этиш ва кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида муҳим қадамга айланди», — деди вазир.

А.Абдуҳакимов, шунингдек, Марказий Осиёнинг чўл ва ярим чўл минтақалари экотизимларини муҳофаза қилиш учун чўлланишга қарши курашиш ва деградацияга учраган ерларни тиклаш ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири эканлигини қайд этди.

Сессияда иқлим ўзгаришининг экотизимларга таъсирини юмшатиш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлар ва яшаш жойларини сақлаш, ҳаво, сув ва тупроқ ифлосланишининг экотизимларга салбий таъсирининг олдини олиш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро шартномалар ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Маълумот учун, Марказий Осиё иқлим ўзгариши, ифлосланиш ва биохилма-хиллик йўқолиши таҳдиди остида бўлган ноёб экотизимлар ҳудудидир. Сув таъминоти учун муҳим бўлган музликларнинг эриши қишлоқ хўжалиги ва энергия ишлаб чиқаришга таҳдид солмоқда. Халқаро ва минтақавий ташаббуслар, жумладан, Самарқанддаги CMS COP 14 ва CITES COP 20, Душанбедаги музликларни сақлаш бўйича саммит, Ашхободдаги Иқлим конференцияси ва бошқа тадбирларда Марказий Осиёнинг экологик муаммолари тобора ортиб бораётгани ҳамда миллий ва халқаро миқёсда мувофиқлаштирилган жавоб чоралари зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқандда бўладиган CITES COP 20 конференцияси, Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган «Eco-Expo Central Asia» кўргазмаси ҳамда 2026 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган Глобал экологик фонд донорлари ассамблеяси ҳақида маълумот берилди. Бу саъй-ҳаракатлар минтақамиз ва сайёрамизнинг биологик меросини ҳимоя қилиш, экологик хавфсизлик ва барқарорликни муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Уч томонлама сайёра инқирозини ҳал қилишнинг асосий стратегияси трансчегаравий муҳофаза қилинадиган ҳудудлар ва ҳудудий табиатни муҳофаза қилиш дастурларини яратишдир. Биохилма-хилликни сақлаш, ифлосланишни бартараф этиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш экотизимларнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлайди, ҳаёт учун зарур воситаларни ҳимоя қилади ва бутун минтақада иқтисодий барқарорликни оширади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг