Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Парламентлараро иттифоқ ялпи мажлисида иштирок этди ва нутқ сўзлади

Президент Парламентлараро иттифоқ ялпи мажлисида иштирок этди ва нутқ сўзлади

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ялпи мажлисида иштирок этмоқда.

Президент ялпи мажлисда нутқ сўзлаб, аввало Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида иштирок этиш учун дунёнинг барча қитъаларидан келган нуфузли делегацияларни табриклади.

«Ўз сафида 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқнинг Ассамблеяси илк марта Марказий Осиё минтақасида бўлиб ўтмоқда. Анжуманнинг азим пойтахтимиз – Тошкент шаҳрида ўтказилаётгани бизга улкан ифтихор бағишлайди.

Бундай юксак ишонч ва эҳтиромни биз юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, парламентаризм ва вакиллик ҳокимиятини ривожлантириш борасида эришилаётган катта натижаларнинг эътирофи, деб қабул қиламиз», – деди Президент.

Давлат раҳбари, шунингдек, бугунги кунда минтақавий хавфсизлик, иқтисодий инқирозлар ҳамда экологик муаммолар хусусида тўхталиб, «бундай ўта мураккаб шароитда жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этаётгани»ни таъкидлади.

«Иттифоқнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотида доимий кузатувчи мақомига эга экани унинг глобал барқарорлик ва ҳамжиҳатликка қўшаётган ҳиссасининг ифодасидир. Бугунги анжуманда 140 га яқин давлатдан 2 мингдан зиёд иштирокчилар қатнашаётгани ҳам фикримнинг ёрқин далилидир.

Бизнинг ташаббусимиз билан Ассамблея «Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати» мавзусида ўтказилаётгани албатта чуқур рамзий маънога эга.

Таҳлилларга кўра, сўнгги ўттиз йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 4,5 баробарга ортган. Лекин, афсуски, инсониятнинг камбағал қатламлари даромадлари деярли ўзгармаган. Агар бу тенденция сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 575 миллион нафари қашшоқликда умр кечиради. 84 миллион бола эса таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Ўз-ўзидан равшанки, бу ҳолат иқтисодиёт ва жамиятга катта зарар етказади, ижтимоий-иқтисодий институтлар фаолиятини заифлаштиради, пировард натижада одамларнинг имкониятларини чеклайди.

Албатта, бундай тенгсизликнинг асл сабабларини аниқлаш ва унинг оқибатларига қарши курашиш барчамизнинг асосий вазифамиздир», – деди Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида айни пайтда мамлакатда кучли ва масъулиятли парламентни барпо этиш, самарали парламент дипломатиясини татбиқ қилиш учун кенг шароитлар яратиб берилаётгани, жумладан, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида парламент институтини ривожлантиришни муҳим вазифа сифатида алоҳида белгилаб олинганини қайд этиб ўтди.

«Сўнгги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини оширишга қаратилган 20 дан зиёд қонунлар қабул қилинди.

Айниқса, 2023 йили умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги Конституцияда парламент ваколатлари кескин оширилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенат ваколатлари эса 14 тадан 18 тага етказилди. Суд, коррупцияга қарши кураш ва рақобат органларини шакллантириш бўйича Президентнинг қатор ваколатлари қонун чиқарувчи ҳокимиятга ўтказилди. Парламентнинг Ҳукуматни шакллантиришдаги иштироки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар устидан назорат механизмлари янада кучайтирилди.

Бу ўзгаришларга мос тарзда ҳудудларимизда ҳам халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ваколатлари кенгайтирилди. Жумладан, 30 дан ортиқ ваколатлар маҳаллий кенгашларга ўтказилди ва бу жараёнлар изчил давом эттирилмоқда.

Миллий парламентимизда хотин-қизларнинг улуши бугунги кунда 38 фоизга етди. Мазкур кўрсаткич Парламентлараро Иттифоқ томонидан юксак эътироф этилиб, Осиё минтақасида сўнгги ўттиз йилда энг юқори ўсиш сифатида баҳолангани бизга алоҳида мамнуният бағишлайди», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парламентлараро иттифоқ ялпи мажлисида сўзлаган нутқи тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг