Ўзбекистон олдидаги асосий хавф: ўтмиш хатоларини қандай тузатамиз?

Global Risks Report ҳисоботида Ўзбекистон учун келажакдаги асосий хавфлар рўйхатида сув етишмаслиги биринчи ўринда қайд этилган.
Сув танқислиги шунчалик тез рўй беряптики, яқин ўтмиш ва бугуннинг ўртасида жуда катта тафовут юзага келган. Аммо унутувчанмиз, бир неча йил аввал ҳар бир маҳалла, кўча ва хонадон ёнидаги ариқда шарқираб оқиб турган сув, бугун йўқлигига парво қилмаймиз.
Қирғоқда қолиб кетган болалар
Болалигим Зарафшон дарёси бўйларида ўтган. 90-йилларнинг бошлари. Қишлоқнинг бир гуруҳ болалари чорва молларини ўтлатиш учун дарёнинг нариги қирғоғига ҳайдаб ўтдик. Асосан 10-14 ёшли болалар, тошқин дарёдан кимдир сузиб ўтади, кимдир сигир ёки ҳўкизларнинг думига тирмашиб, ўтиб олади.
Кун тушликдан оққанда шундоқ ҳам тошқин дарёга жуда катта сув келиб қолди. Дарё ўзани кенгайиб, бу қирғоқдан наригисигача оралиқ ярим чақиримдан ошди. Шағал тош устида оқаётган сув жуда тез. Одамни ҳам, чорвани ҳам оқизиб кетади.
Кечга яқин чорвани қишлоққа ҳайдаб боришимиз керак эди, лекин дарёдан ўтишнинг имкони йўқ. Сув сатҳининг кескин кўтарилганидан хабар топган қишлоқ аҳолиси ҳам бизга имо-ишоралар қилиб, қайтмаслигимизни айтишарди. Қоронғи тушди, қишлоқда бузоғи қолган сигирлар безовталанган, болалар ҳам саросимада. Биз қолиб кетган қирғоқ тарафда катта ҳудуд чакалакзор, шундоққина ёнимиздан шоқолларнинг чийиллашлари эшитилади.
Чорвани бир жойга тўпладик. Қоронғида чакалак орасига кириб кетса, йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас.
Тун бўлди, эрталабдан бери туз тотмаганмиз. Егулик йўқ. Сигирларни соғиб, сутини ичдик. Шу кўйи тонг оттирдик, ҳамон дарёнинг мавжи баланд. Тушлик вақтига борибгина оқим бироз пасайди, шоша чорва молларини ҳайдаб, дарёдан ўтиб олдик...
Қишлоғимга ҳар борганимда дарё бўйига шошиламан, у ерда ўтган болалик, дарёнинг икки-уч метрча баландликдаги тўлқинларидан сузиб, чўмилган пайтларимни қўмсайман.
Бироқ энди у шиддат йўқ. Дарёнинг бир қирғоғида қолиб кетадиган даражада катта оқим деярли кузатилмайди. Йилдан-йилга дарёларда, каналларда, ариқларда оқар сувлар пасаяётгани сезилади.
Муаммонинг кўлами
1950 йилда Орол денгизи ҳажми 68 минг квадрат километр эди. Узунлиги 426 километр, энига 284 километр, энг чуқур жойи эса 68 метр бўлган. Аммо ҳозирда у деярли қуриб битган. Тасаввур қилинг: ярим аср ичида катта бир денгизни йўқотдик.
Оролнинг қуриши минтақадаги сув таъминоти ва иқлимга катта салбий таъсир кўрсатди. Марказий Осиёда сўнгги 50 йил ичида ҳарорат 1,5°C га кўтарилган, бу эса буғланиш ва қурғоқчиликнинг ошишига олиб келмоқда.
Мамлакатимизда ёғингарчилик миқдори йиллик 100-200 мм атрофида бўлиб, бу жаҳоннинг ўртача нормасидан анча паст.
Йиллар давомида сувнинг 90 фоизидан ортиғи қишлоқ хўжалигида, асосан пахта етиштириш учун ишлатилди. Эскирган ирригация тизимлари сабабли 50 фоизгача сув йўқотишлари кузатилди.
Ўзбекистонда аҳоли сони 37,5 миллиондан ошган ва бу рақам 2050 йилга бориб 45 миллионга етишини ҳисобга олсак, сув ресурсларига эҳтиёж янада ошади.
2040 йилга бориб Амударё ва Сирдарё оқимининг камайиши таъсирида юқори даражадаги сув тақчиллиги хавф солади. Бу эса мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 11 фоиз пасайишига ва ҳар йили 1,75 млрд доллар йўқотилишига олиб келиши мумкин.
Марказий Осиёда унумдор ерлар кескин камайиб бормоқда, бугунги кунда минтақадаги жами ер майдонининг 20 фоиздан ортиғи деградацияга учраган. Чорак асрдан сўнг ҳосилдорлик учдан бир қисмга камайиши мумкин.
Глобал муаммога глобал ечим
Самарқандда бўлиб ўтган Иқлим форумида Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, минтақа мамлакатлари томонидан Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш стратегияси ишлаб чиқилди ва бир овоздан маъқулланди.
Орол денгизи қуришининг оқибатларини юмшатиш, сувдан оқилона фойдаланиш, "тоза" энергия манбаларини кенгайтириш дастурлари доирасида европалик шериклар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилинмоқда.
Оролбўйининг 2 миллион гектардан ортиқ чўл ҳудудларида қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар экилган.
Келгуси беш йилда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган бўлиб, бу иссиқхона газлари чиқиндилари ҳажмини қарийб 16 миллион тоннага камайтириш имконини беради.
Ўзбекистоннинг Париж битими доирасида буғ газлари чиқаришни 35 фоизга камайтириш бўйича олган мажбуриятини муддатидан олдин бажаришни режалаштирмоқда.
Сув ресурсларини тежаш мақсадида ирригация тармоқларини бетонлаш ишлари олиб борилаётгани, сувни тежайдиган технологияларни ишлаб чиқариш бўйича саноат базаси яратилаётгани, улар суғориладиган ерларимизнинг деярли ярмида, яъни қарийб 2 миллион гектарда жорий этилгани таъкидланди. Бундай чора-тадбирлар натижасида ўтган йили қарийб 8 миллиард куб метр сув иқтисод қилинди.
Давлат раҳбари Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бу соҳада минтақавий дастурни ишга туширишга чақирди.
Сув тежашга қаратилган давлат дастурлари
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳамда "Ўзбекистон-2030" стратегиясига мувофиқ, сув ресурсларини бошқариш тизими ислоҳ қилиниб, сув тежашга қаратилган давлат дастурлари амалга оширилмоқда.
Хусусан:
- Камида 7 миллиард куб метр сувни тежаш мақсад қилинган;
- Сув тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ерлар 2 млн гектарга етказилмоқда;
- Томчилаб суғориш технологияси қамрови 600 минг гектаргача кенгайтирилади;
- Ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 87 фоизга етказилади.
Туямўйин сув омбори ҳажми 1 миллиард куб метргача кенгайтирилиши ва 100 та йирик сув хўжалиги объектларида автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилиши белгиланган.
“Ўзбекистон — 2030”да мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш натижасида суғориладиган ер майдонларида шўрланган майдонларни 1,7 миллион гектаргача, кучли ва ўрта шўрланган суғориладиган ер майдонларини 430,0 минг гектаргача, ер ости сув сатҳи муаммоли ҳолатда бўлган ер майдонларини 773,4 минг гектаргача камайтириш белгилангани ҳам юртимизда жиддий муаммога қарши жиддий киришилгани аён бўлади.
Афсуски, йиллар давомида сувни аёвсиз исроф қилиб келдик. Амударё ва Сирдарё сувларини чўлларга ҳайдадик, жўмраклардаги обиҳаётни беҳуда оқизиб қўйдик. Охир-оқибат, катта йўқотишларга учрадик. Биз келтирган рақамлар шунчаки статистика эмас – бу бизнинг, болаларимиз ва келажак авлоднинг тақдири. Мана энди, минтақамиздаги миллионлаб инсонлар иқлим муҳожирига айланмаслиги учун курашишимизга тўғри келади.
Давлат томонидан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув инқирозининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилмоқда, аммо бу фақат ҳукуматнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу — барчанинг муаммоси, ҳар биримиз жавобгармиз энди. Агар бугун вазиятни ўнглашга ҳаракат бўлмаса, эртага фарзандларимиз тошқин дарёлар, шарқираб оқадиган ариқлар ҳақида фақат бизнинг хотираларимиз орқалигина билишади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter