Бухорода тракторчи ўзи ва фермерни отиб қўйди
Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, «Зиёрат» маҳалласи фуқароси Р.Д.га ўзи ва фермер хўжалиги раҳбари А.У.га ўқотар ов қуроли билан жароҳат етказгани учун суд ҳукми ўқилди.
Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, фуқаро Р.Д.га нисбатан 2 йилга озодликдан чеклаш жазоси қўлланилган.
Ҳолатга кўра, қоракўллик Р.Д. 1950 йилда «Тула» қурол заводида ишлаб чиқарилган, 16 калибрли, икки силлиқ милли, «ТозБ» моделли, №48107 рақамли ўқотар ов қуролини сақлаб келаётган бўлган. Унда 2020 йил 21августда Қоракўл туман Ички ишлар бўлими томонидан №Д-21 рақамли ов қуролини сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини берувчи рухсатнома расмийлаштирилиб берилгани аниқланган.
У маҳалладаги «Ҳамза Умар» фермер хўжалигига қарашли дала ер майдонларига ишлаш учун бораётганда, ўзига тегишли ўқотар ов қуролини ғилофга солинмаган, тўлиқсиз қисмларга ажратилмаган ва жанговор патронлар билан ўқланган ҳолатда ишдан кейин турли қушларни овлаш учун ўзи билан олиб келган.
Р.Д. фермер хўжалигига тегишли тракторга чиқаётиб, ов қуролининг учки қисмидан ушлаб, трактор кабинасига қўймоқчи бўлган. Худди шу жараёнда ов қуроли бехосдан отилиб кетган. Натижасида сочма ўқ бўлакларининг бир қисми аввал ўзининг ўнг қўли панжасини, бир қисми ўзидан 15 метрча узоқликда бўлган фермер хўжалик раҳбари А.У. танасининг орқа ва ўнг елкасига тегиб, жароҳатлаган.
Судга оид тиббий экспертизаси хулосасига кўра, фуқаро А.У. «чап томонлама ўрта гемотракс, ўнг томонлама ёпиқ пневмоторакс, ўпка лат ейиши билан кечган кўкрак қафасини орқа юзасини жароҳатлаб, кўкрак қафаси бўшлиғига кириб, кўкрак қафаси аъзолари жароҳатланиши яраси, ўқотар қуроли сочма питрадан жароҳатланиши» каби ҳаётига хавф солувчи белгиларига кўра, оғир даражадаги тан жароҳатлари олишига сабабчи бўлган.
Судда сўроқ қилинган судланувчи Р.Д. эҳтиётсизлик оқибатида содир қилган ўз айбига иқрор бўлган.
«Мен иш дафтарим дала шийпонида қолиб кетганини айтиб, трактор олдидан шийпон томонга қайтиб, трактор олдидан, чамаси, 15 метрларча узоқлашгандим. Кутилмаганда ов қуроли товушини эшитиб, шундоқ ортга бурилмоқчи бўлгандим, орқамга ўқнинг металл парчалари зарб билан кириб кетганини ҳис қилдим. Ҳушимни йўқотаётганимда, тракторчининг ҳам қўллари қонаб, йиқилаётганини эслайман. Ҳеч қандай давоим йўқ, эҳтиётсизлик оқибатида тирик қолганимизга ҳам шукур», — деган оғир тан жароҳати олган А.У.
Р.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан, 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси қўлланилишидан ташқари, у 1 йил муддатга ов қуролини сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter