Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хитойда метапневмовирус кенг тарқаляпти. Қозоғистон ССВ ҳам касалликнинг ушбу турини қайд этган

Хитойда метапневмовирус кенг тарқаляпти. Қозоғистон ССВ ҳам касалликнинг ушбу турини қайд этган

Хитойда аҳоли орасида метапневмовирус кенг тарқамоқда. Бу ҳақда Хитой Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бошқармаси хабар берган.

Қайд этилишича, метапневмовирус (HMPV) янги турдаги вирус эмас. Бироқ ўтган йилнинг 23-29 декабр кунлари бутун мамлакат бўйлаб шифохоналардаги беморлардан олинган нафас олиш йўллари намуналари таҳлили натижаларига кўра, мамлакат шимолида 14 ёшгача бўлган болалар орасида касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Айниқса, ўткир респиратор инфекциялар, жумладан, грипп, одам метапневмовируси ва риновирус фаол тарқаляпти.

Шифокорларнинг таъкидлашича, метапневмовирус инфекцияси, юқори ва пастки нафас йўлларининг шикастланиши билан бирга кечади. Одатда бурун оқиши, йўтал ва иситма белгилари билан ўткир респираторли инфекция шаклида пайдо бўлади, ўткир респиратор инфекцияларни, жумладан, бронхиолит ва пневмонияни келтириб чиқаради.

Вирус чақалоқлар, қариялар ва иммунитети заиф одамлар учун хавфлидир.

Метапневмовирус биринчи марта 2001 йилда аниқланган бўлиб, ҳаво-томчи ёки ифлосланган юзалар билан алоқа орқали тарқалади. Ушбу вирус билан касалланиш ҳолатлари Хитойдан бошқа мамлакатларда ҳам қайд этилган.

Қозоғистон ССВ ҳам метапневмовирус эпидемиясининг мамлакатда тарқалиши юзасидан маълумот берди.

«Бутун дунёда бўлгани каби Қозоғистонда ҳам айни пайтда ўткир респиратор вирусли инфекциялар ва грипп билан касалланишнинг мавсумий ўсиши қайд этилмоқда. Бу вирус (метапневмовирус) қатор давлатларда 10 йиллардан буён бўлгани каби Қозоғистонда ҳам қайд этилган», – дейилади мамлакат ССВ матбуот хизмати хабарида.

ССВ аҳолини профилактика чораларига риоя қилишга ва одамлар гавжум жойларда, айниқса сурункали касалликларга чалинган беморлар билан мулоқотни чеклашга чақиради.

Маълум қилинишича, Қозоғистонда айни пайтда ушбу вирусни юқтирганлар ЎРВИ билан оғриган жами беморларнинг 1,6 фоизини ташкил қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг