Болаларнинг оммавий янги вирусга чалинаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз – ССВ
Ижтимоий тармоқларда Республика педиатрия маркази бемор болалар билан тўлгани, уларнинг бир қисми янги вирусга чалингани айтилган хабарлар тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, болаларнинг метапневмовирусга чалингани хусусидаги маълумотлар мутлақо асоссиз эканини таъкидламоқда.
«Гап шундаки, Янги йил арафасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг жами бешта — Чақалоқларни парвариш қилиш, Чақалоқлар патологияси ва реанимацияси, Гепатология, Нефрология ҳамда Умумий педиатрия бўлимларида профилактик ювиш-тозалаш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилган.
Мазкур бўлимларнинг барчаси бугун, 6 январь кунидан қайта очилди ва бу ҳолат табиий равишда беморлар оқими нисбатан ортишига сабаб бўлди», – дейилади хабарда.
Шунингдек, расмий муносабатда марказ ижтимоий тармоқлардаги хабарларда қайд этилган юқумли касалликларга чалинган беморларни қабул қилиш ва даволашга ихтисослаштирилмагани айтилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санэпидқўмита одамлар орасида ваҳима билан тарқаётган метапневмовирус инфекцияси аввалдан мавжудлиги ва бу билан грипп мавсумида беворлар оғриб туриши, жумладан Ўзбекистонда ҳам кузатилиши ҳақида маълум қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter