15 ёшли «ҳайдовчи» йўловчининг бошига етди
Бухоро вилояти, Когон туманидаги Туткунда маҳалласи ички автомобиль йўлида 15 ёшли «ҳайдовчи»нинг ноқонуний хатти-ҳаракати оқибатида 32 ёшли фуқаро оғир тан жароҳати олган.
Вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи, капитан Улуғбек Шукурлаевнинг «Xabar.uz»га билдиришича, ҳолат 2024 йилнинг 23 декабрида содир бўлган. Оғир тан жароҳати олган бемор РШТЁИМ Бухоро филиалига келтирилган. Орадан 7 кун ўтиб, кўрсатилган Тиббий муолажаларга қарамай, бемор 30 декабрь куни вафот этган.
Маълум бўлишича, Бухоро шаҳридаги 31-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси О.Б. амакиси Ш.Ш.га тегишли бўлган «Дамас» автомашинасида буханка нон ташиш учун Когон туманидаги Туткунда маҳалласи ички автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланган. Ўша кунларда Бухоро об-ҳавоси қалин туман ҳолатида бўлгани боис, тажрибали ҳайдовчиларда ҳам 5-7 метргача узоқликдаги масофани кўриш анча қийинлашган. Шунга қарамасдан, О.Б. амакиси Ш.Ш.нинг хабардорлиги остида «Дамас»ни якка ўзи бошқариб келган. Тонги соат 07:00 лар атрофида ички йўлни пиёдалар қоидасида муносиб тарзда кесиб ўтаётган аёлни кучли зарб билан уриб юборган.
«Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Болаларга автомобилни ишониб топширмаслик ва бунинг таъқиқлангани юзасидан тинимсиз тарғибот ишлари олиб боришимизга қарамасдан, катталар билганларидан қолишмаяпти. Ҳам ўз ҳаёти, ҳам бошқанинг ҳаётини хавфга, хатарга қўйишяпти. Бундай пайтда вояга етмаган болага нисбатан оғир жиноят чораларини қўллаш қонунчиликка зид. Аммо, 15 ёшли «ҳайдовчи»нинг яқин қариндошларининг хатти-ҳаракатлари қонунчилик асосида кўриб чиқилади. Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди»,-деди Улуғбек Шукурлаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter