Қоракўлда ҳоким ёрдамчиси пора билан қўлга олинди
Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди фуқароларига хизмат қилиши белгиланган қатор «ҳоким ёрдамчи»ларининг турли манзилларда турли важлар билан пора олиб, қўлга тушишаётгани оддий ҳолга айланиб қолаётгандек.
Ўзига белгиланган ҳудуд аҳолиси ўртасида ишсизликни камайтириш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларга кредит маблағлари ажратиш юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ва уларга тавсияномалар бериш, аҳолига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун кредит маблағлари олишда кўмаклашиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашда ёрдам бериш каби шунга ўхшаш бошқа вазифалар ҳоким ёрдамчиларининг зиммасига юклатилган. Бу тизим Ўзбекистонда катта мақсадлар билан йўлга қўйилган. Афсуски, бу тизимда турли туман ҳокимият вакилларининг таъсири билан лавозим курсисига «таниш-билишчилик» ва «ҳаччавозлик»нинг аралашгани лаёқатсиз ва билимсиз шахсларнинг ҳам «ўтириши»га туртки бўлган.
Қоракўл туман ҳокимининг «Дўрмон» маҳалласи бўйича ёрдамчиси лавозимида ишлаб келиб, ўзганинг мулкини алдаш ҳамда ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан талон-тарож қилган, арзимас пул эвазига мансабини суистеъмол қилган Ф.Х.нинг хатти-ҳаракатларини қандай баҳолаш мумкин?
Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани судида кўриб чиқилган ушбу суд ҳужжатларига кўра, ҳоким ёрдамчиси ҳудуддаги тадбиркорга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.09.2023 йилдаги «Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, гаровсиз кредит маблағлари ажратилишида кўмак беришини ваъда қилган.
Тадбиркорга йирик миқдордаги гаровсиз кредит маблағини қўлга киритишнинг ўзи бўлмаслигини, ҳужжатларни тез кунлар ичида тайёрлаб беришни ваъда қилган. Эвазига «хизмати» учун «рози» қилишини айтган. Шундай бўлган ҳам. Кредит олишига умидвор тадбиркор ҳоким ёрдамчиси қўнғироқ қилиб чақирганида, туман ҳокимлиги маъмурий биноси олдига келган. «Хизмати ҳақи» 200 доллар бўлишини айтган ҳоким ёрдамчисига тадбиркор 100 АҚШ доллари берган ва қолганини эртага беришини айтган.
Эртаси куни Ф.Х. тадбиркорга қўнғироқ қилган ва «хизмати»нинг қолган қисминиям келтириб беришини талаб қилган. Ўз ташвиш ва муаммолари билан юрган тадбиркор ҳоким ёрдамчисига берган «ваъда»си эсидан чиқиб қолганини, кун кечигача етказишини билдирган. Бироқ, ҳоким ёрдамчиси тадбиркорни қийин-қистовга қўйиб, кун давомида яна бир неча бор устма-уст қўнғироқ қилиб, 100 долларни етказиб беришини сўраган. Ҳафсаласи пир бўлган тадбиркор ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Туман нотариал идораси биноси олдида ҳоким ёрдамчиси ва тадбиркорнинг учрашуви Ф.Х.нинг «пора» ёзуви туширилган 100 АҚШ доллари билан қўлга олинишига сабаб бўлган. Ҳолат Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Қоракўл туман бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати Олот туман бўлими ходимлари томонидан тегишли ҳужжатлар орқали расмийлаштирилган.
Ҳоким ёрдамчиси айбига иқрор бўлган. Шу ерда ҳақли савол туғилади: ҳоким ёрдамчилари фаолиятидан аҳоли нечоғли фойдалана оляпти? Улар томонидан ўзларига биркитилган ва амалга оширилмай қолаётган ишлар, «ухлаб ётган» муаммолар талай. Бу мансабдор шахсларнинг айримларининг масъулиятини оширишга қаратилган зарур чоралар кўриш вақти келмадимикин?
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 25- (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ҳамда 168- (Фирибгарлик) моддалари билан айбланган ҳоким ёрдамчиси 2 йил муддатга барча давлат иштирокидаги корхона, ташкилот муассасаларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тайинланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter