Фаластин элчиси БМТ мажлисида йиғлаб юборди
Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили Риёз Мансур нуфузли машваратда кўз ёшини тийиб тура олмади.
Дипломат БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги ташқари мажлисида Исроил авиаҳужуми оқибатида ҳалок бўлган ғазолик шифокорнинг видо сўзларини ўқиб эшиттирар экан, йиғлаб юборди.
«Тирик қолганлар бизнинг ҳикоямизни сўзлаб беражак! Биз қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Бизни унутманг», – дея нома қолдирган Ғазо секторидаги «Ал-Авда» шифохонасида фаолият юритган шифокор Маҳмуд Абу Нужайла.
Марҳум шифокорнинг видо хати шифохонанинг маълумотлар тахтасидан топилган.
«Бу сўзлар ноинсоний шарт-шароитда ишлаган тиббий ходимларнинг жасорати ва садоқатига шоҳидлик беради. Доктор Нужайланинг ўлими нафақат Ғазо, балки бутун дунё учун йўқотишдир», – деган Фаластин элчиси Хавфсизлик кенгаши йиғилишида.
Риёз Мансур Ғазо аҳли 15 ойдан буён дўзахий шароитда яшаётгани сабабларидан бири сифатида халқаро ҳамжамиятнинг ҳаракатсизлигини кўрсатган.
Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо ҳудудига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён ҳудуддаги шифохона ва тиббий муассасаларни бомбардимон қилди. БМТ ҳисоботларига кўра, айни пайтда Ғазо секторида соғлиқни сақлаш тизими бутунлай издан чиққан.
2024 йил 27 декабрь куни Исроил ҳарбийлари Камол Адван шифохонасига бостириб кириб бош шифокор Ҳуссам Абу Сафияни ҳибсга олди. Шифохонанинг айрим бўлинмаларига ўт қўйилди. Шифохонадаги беморлар Индонезия касалхонасига ўтказилган. Аммо мазкур шифохонада дори-дармон, ёнилғи йўқлиги, шифокорлар етишмаётгани айтилмоқда.
Фаластин маъмуриятига кўра, муттасил бомбардимонлар сабаб шифохоналар вайрон бўлган, минглаб бемор тиббий кўмаксиз қолмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ғазо секторидаги инсоний талафотлар ва вайронагарчиликлар, яҳудий давлати расмийларининг баёнотларини ўрганиб, Исроил Фаластин халқига нисбатан геноцид содир этмоқда деган хулосага келган.
Amnesty International ташкилотига кўра, Абу Сафия каби шифокорларнинг ҳибсга олиниши Тель-Авивнинг геноцид сиёсатини тасдиқлайди.
Қароргоҳи Женева (Швейцария) шаҳрида жойлашган Euro-Med инсон ҳуқуқлари ташкилоти Камол Адван шифохонаси ўққа тутилгани ва ёқиб юборилганини инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши деб атаган. Қайд этилишича, Исроил армияси тиббий ходимларни қасддан ўлдирмоқда, уларга қарши ҳужумлар уюштирмоқда.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Ғазо секторида 457 кундан буён давом этаётган урушда ҳалок бўлган фаластинликлар сони 45805 нафарга, яраланганлар эса 109064 нафарга етди. Ҳалок бўлганларнинг ҳар учтадан бири болалар, ҳар тўрттадан бири аёллардир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter