Трампдан Европани хафа, Россияни хурсанд қилувчи яна бир қадам

Президент Дональд Трамп Европа давлатлари, хусусан, Болтиқбўйи мамлакатларидаги АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиши мумкин. Financial Times газетаси ёзишича, Россия билан Украинада урушни тўхтатиш бўйича музокараларда шу талаб ҳам илгари сурилмоқда.
Инглиз нашри АҚШ қўшини Болтиқбўйидан олиб чиқилиши оқибатида Европа Иттифоқининг сарҳадлари Россия қаршисида заиф бўлиб қолишидан огоҳлантирган.
«Европалик амалдорлар Трамп АҚШ қўшинини Болтиқбўйи давлатларидан ғарбга томон олиб чиқишга рози бўлади деб ҳисоблайди. Бунинг оқибатида ЕИ Россия армияси қаршисида заиф бўлиб қолади», – деб ёзади муаллиф Гидеон Рахман.
Журналист Қўшма Штатлар Европа учун ишончли иттифоқчи мақомидан маҳрум бўлганини таъкидлаган.
The Economist нашри АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси Жули Смитга таяниб ёзишича, Трамп Европа давлатларидан 20 мингга яқин аскарини олиб чиқиши мумкин. Бу АҚШнинг Европадаги ҳарбийларининг бешдан бир қисми демакдир.
Асосан Польша, Руминия ва қисман Болтиқбўйида жойлашган ушбу ҳарбий контингент Россиянинг Украинага босқини бошлангач, қўшимча куч сифатида юборилганди.
Бунга қадар Шимолий Атлантика альянси (НАТО) ҳарбий қўмитаси раиси Жузеппе Каво Драгоне ҳам Қўшма Штатлар Европадаги ҳарбийлари сонини камайтириб, асосий эътиборни Ҳинд–Тинч океанлари минтақасига қаратмоқчи экани ҳақида баёнот берганди.
АҚШ қўшини Болтиқбўйи давлатларидан олиб чиқилиши Россия фактори сабаб хавотирларни кучайтирган. Украинадан кейин айнан Болтиқбўйи давлатлари рус армияси ҳужумига нишон бўлиши ҳақида аввалдан айтиб келинади. Ҳатто Таллин ва Рига кўчаларига рус ҳарбийлари неча соат ичида кириб бориши борасида тахмину фаразлар ҳам илгари сурилган.
Хатар ошиши фонида Болтиқбўйи давлатлари Россия билан чегарада мудофаа зонаси барпо этиш режасини ҳам эълон қилганди.
Аввал хабар берганимиздек, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг 14 февраль куни хавфсизлик бўйича Мюнхен анжуманидаги нутқи Европа сиёсий етакчиларида ваҳима уйғотди.
Таҳлилчиларга кўра, сўнгги ҳодисалар – АҚШнинг катта-кичик мулозимлари тилидан Европага қарши танқидий фикрлар янграётгани, Оқ уйнинг Украина уруши бўйича музокараларга Европа вакилларини қўшмаётгани ҳамда кўҳна қитъада америкалик ҳарбийлар сонини камайтириш режаси коллектив Ғарб парокандаликка юз тутгани, Европа ўз мудофааси учун ўзи ҳаракат қилиши лозимлигидан далолат беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter