Жарима баллари сабаб «права»сидан маҳрум бўлган ҳайдовчи қайта имтиҳон топширади

Жорий йил 20 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан қатор кодексларга, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга доир қонун қабул қилинган эди.
Мазкур ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга жарима балли тизими жорий этилмоқда.
Унга кўра, қоидабузарлик учун асосий жазодан ташқари, ҳайдовчиларга жарима баллари ҳам берилади. Ўз навбатида, битта қоидабузарлик учун максимал балл сони иккитадан ошмаслиги белгиланди.
Жарима баллари биринчи қоидабузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида тўпланади. Агар ҳайдовчи бир йил ичида 12 дан ортиқ балл тўпласа, у автоматик равишда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлади. Чеклов муддати 6 ойдан кам бўлиши мумкин эмас.
«Газета.uz»нинг Ўзбекистон ИИВ ЙҲХХга таяниб хабар беришича, ҳайдовчилик ҳуқуқини тўхтатиб туриш муддати тугагандан сўнг, уни фақат йўл ҳаракати қоидалари имтиҳонини муваффақиятли топширгандан кейингина қайта олиш мумкин бўлади.
Яъни, ҳуқуқбузарлар яна машина бошқаришга рухсат олишдан олдин ўз малакасини исботлаши керак бўлади.
Бу ва бошқа ўзгартиришлар Вазирлар маҳкамасининг бир ой муддатда ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши кўзда тутилган қарорига киритилиши режалаштирилган. Унда жарима балларини ҳисоблаш тартиби ва миқдори белгиланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter