Ҳайдовчилар учун «12 балли жарималар» тартиби кучга кирди

Эндиликда жарима баллари 12 баллдан ошса ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Бу борада жорий йил 20 февраль куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-1033-сон қонун қабул қилинди.
Қонун билан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланилади.
Бунда:
- Белгиланган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур ҳуқуқбузарликларда назарда тутилган асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳисобланади. Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балининг энг юқори миқдори 2 баллдан ошмаслиги керак.
- Жарима баллари белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳисобланган жарима баллари бир йил ўтгач транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда ечилади.
- Ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган тартибда қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланди.
Шунингдек, сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик, транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузганлик, транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларини бузганлик ва йўл безорилиги учун ҳам маъмурий жазо қўлланилади.
Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото- ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатганлик учун ҳам тегишли тартибда маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter