Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурди

Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурди

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Улуғбек Лапасов Хитой раислигида БМТ Хавфсизлик кенгашининг кўп томонлама ва глобал бошқарув институтларини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган йиғилишида маъруза билан иштирок этди.

«Дунё» ААнинг хабар беришича, унда Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро ҳамкорликнинг энг устувор масалалари бўйича расмий позицияси халқаро ҳамжамиятга етказилди. Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан танишдилар.

Ўзбекистоннинг кўп қиррали, глобал бошқарувни мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш тарафдори эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик муҳимлиги ва Афғонистонни иқтисодий тиклашдан манфаатдор экани қайд этилди.

Шунингдек, мамлакатнинг трансмиллий таҳдидларга, жумладан, гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний айланиши, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда БМТ билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлиги тасдиқланди.

Аъзо давлатлар 2025 йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг «Беш йил – 2030 йилгача: Барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш» мавзусидаги давлат хизматлари форумига таклиф қилинди.

Ўзбекистоннинг глобал тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тарафдори эканлигига урғу берилди. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2035-2036 йиллар учун доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сургани маълум қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг