Болтиқбўйи давлатлари Россия билан сўнгги алоқаларини ҳам узди

Болтиқбўйи давлатлари – Латвия, Эстония ва Литва Европа электр тармоғи билан тўлиқ уйғунлаштирилди. Улар Литва-Польша йўналиши орқали Европа энергетика тизимига уланди. Вильнюсда бўлиб ўтган энегетика тизимини ўзгартиришга бағишланган маросимида уч давлат раҳбарлари, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ва Польша президенти Анжей Дуда иштирок этди.
Бу болтиқбўйи давлатларининг, Совет Иттифоқи парчаланганидан ўттиз йил ўтиб, Россия билан сўнгги алоқаларини узганини англатади. Шунингдек, тадбирда ушбу ҳаракат Болтиқбўйи давлатлари учун ҳам, Европанинг бошқа мамлакатлари учун ҳам геосиёсий ва рамзий аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
«Ниҳоят, таҳдид ва шантаждан озод бўлинди», – дейди Урсула фон дер Ляйен.
Шанба куни Болтиқбўйи давлатлари ва Россия, Беларус ҳамда Россиянинг Калининград анклави ўртасидаги барча электр тармоқлари бирин-кетин узилган.
НАТО аъзолари бўлган Болтиқбўйи давлатлари 1990 йилда Совет Иттифоқидан мустақиллигини эълон қилганидан бери Россия билан кўпинча қийин муносабатларга дуч келган. Бу муносабатлар Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг кўламли ҳужумидан сўнг янада таранглашган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter