Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқ банки: Тадбиркор қўллаб-қувватланса, миллий иқтисодиёт ривожланади

Халқ банки: Тадбиркор қўллаб-қувватланса, миллий иқтисодиёт ривожланади

Халқ банки молиявий кўмагида фаолият юритаётган тадбиркорлик объектлари билан оммавий ахборот воситалари, журналист ва жамоатчилик фаолларини яқиндан таништириш мақсадида 21-22-октябрь кунлари Бухоро вилоятига пресс-тур ташкил этилди. 

Пресс-турнинг дастлабки қисмида маҳаллий ОАВ, жамоатчилик фаоллари ва ҳудудий матбуот котиблари учун «Давлат ташкилотларида коммуникациянинг ўзига хос хусусиятлари» бўйича ўтказилган  семинар-тренингда нафақат банклар, балки бошқа давлат ташкилотларининг ОАВга очиқлиги нақадар муҳим эканлигига алоҳида урғу берилди.

Яна бизга Халқ банки «Community manager» фаолияти натижасида мижозларнинг банк фаолиятига нисбатан хайрихоҳлик индекси 5 баробарга ортиб, 0,8 дан 4,2 пунктга етгани маълум бўлди.

Семинардан сўнг Бухородаги зардўзлик корхонаси иш фаолияти билан танишиш мақсадида йўлга тушдик.

Ўзбек зардўзлик ва каштачилигини дунёга танитаётган корхона

Ҳа, гап «Султон Малика Зардўз» корхонаси ҳақида. Чунки у республикада етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Миллий ҳунармандчиликнинг нафис санъати бўлган зардўзлик ва каштачилик орқали ўзбек халқининг бой маданий меросини дунёга  намойиш этаётган ушбу корхона хорижий бозорларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Бунга сабаб эса тадбиркорга берилаётган имконият.

– Фаолиятимизни кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий қилиш мақсадида Халқ банкидан 1 миллиард 200 миллион сўмлик кредит олганмиз. Бизга яна бир катта ёрдам бу кредитларнинг кам фоизлиги, масалан валютада 5 фоиз, сўмда 10 фоиз... Ушбу молиявий ёрдам эвазига ускуналар харид қилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада оширдик, –  дейди МЧЖ раҳбари Маҳфуза Салимова.

– Етти ёшимдан зардўзлик билан шуғулланиб келмоқдаман ва зардўзлар авлодининг бешинчи вакилиман. Шу пайтгача бизнинг муқим жойимиз бўлмаган. Бундан икки йил олдин Бухорода ўтказилган «Халқаро зардўзлик ва заргарлик» ва «Миллий каштадўзлик санъати» фестиваллари доирасида бизга қаратилган эътибор туфайли мана шундай шароитлари бор масканни бунёд қилдик. Бугунги кунда корхонада 100 дан ортиқ ишчи фаолият юритмоқда. Хорижий мижозлар орасида миллий зардўзлик ва каштачилик маҳсулотларига катта талаб бор.  

   

Биз сариқ, оқ тилло ип билан тикилган 8-10 килолик чопонларнинг, аёллар чимматларининг нақшларидан кўз узолмаймиз. Турли қадимий чоклар сизни ўзга бир оламга чорлаётгандек бўлади. Уларнинг ранги ва нақшларининг ўзаро уйғунлиги ўзбек миллий қадриятларини намоён қилаётгандек.

Ўша ерда ишлаётган каштачи аёлларнинг изоҳ беришича, битта чопонни 5-6 аёл бир, бир ярим ой давомида тикишар экан.

Бу ерда тайёрланган чопон дейсизми, аёллар чиммати, келинлик кўйлаклари ёстиқ жилдлари, кашталар нафақат ички бозор, балки, Марказий Осиё давлатлари, БАА, АҚШ каби халқаро бозорларга экспорт қилинади.   

  Халқ банки чарм саноатини ҳам қўллаб-қувватлайди

Ғиждувонда жойлашган «Bek Bags» МЧЖ чарм саноати нафақат аёлларнинг сумкага бўлган талабини балки боғча боласидан тортиб спортчиларга, саёҳат қилишни хуш кўрадиганлардан тортиб мактаб ўқувчиларигача қайғуради.

«Bek Bags»  асосчиси Содиқжон Беков таъкидлаганидек, бугун аҳолининг турмуш даражаси ошди, одамлар аввалгидек арзон ва сифатсиз сумкаларни хоҳламайди. Демак, халқимизга сифатли маҳсулот керак.

Бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантириш ва уларнинг маҳсулотларини кенгроқ бозорга олиб чиқиш учун ажратилаётган кредитлар корхоналар учун катта имконият яратмоқда.

Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ва самарадорлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида Халқ банки томонидан 100 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган бўлиб, бу маблағ корхонага янги технологик ускуналар сотиб олиш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва маҳсулот ҳажмини ошириш имконини берди. Натижада корхона йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириб, ҳозирда йилига 250 минг дона чарм маҳсулотларини бозорларга етказиб бермоқда.

Ҳозирда корхона 80 нафардан  ходимни иш билан банд қилган бўлиб, уларнинг ярими ногиронлиги бор инсонлар.  

Келажак режалари доирасида корхона нафақат ички бозорда ўз мавқеини мустаҳкамлаш, балки халқаро бозорларга чиқишни ҳам мақсад қилган. Экспорт имкониятларини кенгайтириш учун янги дизайнлар яратиш, ишлаб чиқариш технологияларини янада оптималлаштириш ва халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган маҳсулотлар тайёрлаш устида ишламоқда.

– Авваллари аҳоли маҳаллий тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни очиғи менсимас эди. Ўзимиздаям маҳсулотимизнинг ярими бозордан қайтиб келарди. Бирининг боғичи узилган, бирининг кўриниши хунук, чоклари сўкилган ҳолатда. Кейинчалик мен нима учун Хитой маҳсулотларига талаб юқорилигининг сабабини билиш учун Хитойга бордим ва ҳамкорлар орттирдим, – дейди корхона раҳбари Содиқжон. – Мана шу хитойлик йигит келгач ишимиз анча юришиб кетди. Биз бу ҳамкоримиздан нафақат технологияларни ишлатишни ўргандик, балки сифатли, пишиқ-пухта ва дизайни чиройли бўлган маҳсулот ишлаб чиқара бошладик. Дастлаб Хитойдан олиб келган маҳсулотларимиз билан ўзимизда ишлаб чиқарилган сумкаларни бозорда сотувчиларга тавсия қилдик. Ишонасизми, ҳар доим маҳсулот оладиганлар Хитойникини эмас ўзимизда мана шу корхонада ишлаб чиқараётган сумкаларга талаби борлигини айтишди.

Биз шу ерда ишчиларнинг ҳар бирининг олдига бориб эринмай ишини текшириб юрган хитойлик ҳамкорга қизиқдик, аммо унинг исми қийинлигини, қоғозга қараб айтиб бера олишларини, унга эса шунчаки мастер Шепу деб мурожаат қилишларкан.

Хуллас корхона фаолияти мисолида Халқ банкининг чарм саноатини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очаётганлигини кўриш мумкин. Молиявий ёрдам билан таъминланган корхоналар нафақат ўзларини иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаб қолмай, балки миллий иқтисодиёт ривожига ҳам ҳисса қўшмоқда.

Кейинги манзилимиз Когон...

«Parravshan trans» МЧЖ корхонасига йўл олдик. Бу корхона 2010 йилда ишга туширилган, бугунги кунда чорвачилик ва паррандачилик соҳасида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Афсуски ушбу корхонанинг иш фаолияти яъни жараён билан танишишнинг имкони бўлмади. Корхона ходимларининг айтишича, айни дамда бу ерда карантин экан. Яъни жўжалар кичиклигида кўчадан бегона одамларнинг кириши уларга турли касалликларга чалиниш эҳтимолини кучайтираркан.

Ноилож, баъзида ана шундай истисноли ҳолатлар ҳам учраб туради.

Бизга берилган маълумотларга қараганда корхона парранда ва чорва моллари сонини кўпайтириш мақсадида Халқ банкидан 12 млрд. 300 млн. сўм миқдорида молиявий кўмак олган.  

Корхонанинг асосий фаолияти парранда ва чорва молларини парваришлашга қаратилган бўлиб, тухум ва сут маҳсулотларини ички бозорга етказиб беради.  

                                               Барно Султонова 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг