Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мактаб ўқувчиси икки кишининг умрига зомин бўлди

Мактаб ўқувчиси икки кишининг умрига зомин бўлди

Бир неча кун илгари ижтимоий тармоқларда «Мактаб ўқувчиси отасининг машинасини олиб қочиб, даҳшатли аварига учради» сарлавҳаси остидаги видеохабар минглаб фойдаланувчиларнинг эътиборини жалб этиб, муҳокамаларга сабаб бўлди.

Воқеага кўра, Бухоро вилояти, Ромитан тумани, Газли шаҳрида вояга етмаган бола отасининг машинасини олиб қочиб, қарама-қарши тарафдан келаётган машинага катта тезлик билан урилади. Оқибатда қарама-қарши тарафдан келган машина ҳайдовчиси ва бир нафар вояга етмаган қиз воқеа жойида ҳалок бўлади. Худди шу машина ичида бўлган 1 нафар қиз эса оғир аҳволда Газли шаҳар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилади.

Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи, капитан Улуғбек Шукурлаевнинг «Xabar.uz»га билдиришича,  муҳокамаларга сабаб бўлаётган воқеа бир неча кун илгари эмас, жорий йилнинг 12 июнь куни содир бўлган. Ҳолат юзасидан Бухоро вилояти прокуратураси томонидан айбдорга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган ва судга оширилган.

Бухоро вилоят суди бош консультанти Феруз Шаропов томонидан «Xabar.uz»га тақдим этилган суд ҳукми ҳужжатларига кўра, ушбу иш Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судида ёпиқ суд тарзида кўриб чиқилган.

Вояга етмаган А.С. 2008 йилда Ромитан тумани Газли шаҳрида туғилган. Газли шаҳридаги 37-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси А.С. транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиши натижасида икки нафар фуқаронинг ўлимига сабабчи бўлган йўл транспорт ҳодисаси жиноятини содир қилган. У 2024 йил 12 июнь куни соат 0830 ларда ҳеч қандай бошқариш ҳуқуқисиз отаси Ф.И.га тегишли бўлган «Ласетти» русумли автомашинани Газли шаҳрининг ички йўллари бўйлаб ҳаракатлантирган.

Бир нечта йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, йўл белгиларига амал қилмаган. 25-умумий ўрта таълим мактаби яқинидан дўсти У.А. билан телефонлашиб, уни ҳам ўзи бошқариб келаётган автомашинанинг олд йўловчи ўриндиғига миндирган. Ички кўчалари бўйлаб, машина рулини дам ўнгга, дам чапга буриб, уни илон шаклида ўйинқароқлик билан бошқараётган ҳолатини У.А.дан тасвирга олишини, сўнг уни «инстаграм» ҳамда «ютуб»га қўйишини айтган. У.А. дўсти А.С.нинг машина бошқараётгани ҳолатини тасвирга олиш чоғида уни эҳтиёткорликка ва рулни тўғри бошқаришга чақирган. Ва ишга кетиш вақти яқинлашаётгани, шу боис, уйининг ёнида тушиб қолишини айтган У.А. дўсти автомашинаси спидометрининг тезлиги 60 км/соатдан ошганини кўрган. А.С.ни эҳтиёткорликка чақирган У.А.нинг огоҳлантириши узоққа чўзилмаган ва чорраҳага кириб боришган вақтда ўнг томон йўналишдан ҳаракатланиб келган «Нексия-3» русумли автомашина билан тўқнашув содир бўлган. Оқибатда «Нексия-3» русумли автомашинани бошқариб келаётган 33 ёшли ҳайдовчи Ш.И. ҳамда унинг 7 ёшли вояга етмаган қизи Ш.Қ. воқеа жойида вафот этган. Автомашина ичида бўлган 6 ёшли жияни С.Н.нинг қўли синган ва «Тез ёрдам» машинасида касалхонага олиб кетилган.

Ўрганувларга кўра, вояга етмаган А.С. отаси Ф.И.га тегишли бўлган автомашинани уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўзи мустақил равишда бошқариб чиққан. У бундан илгари ҳам бундай ўзбошимчалиги учун маҳалладошларининг норозилигига сабаб бўлган. Судда кўрсатма берган марҳумнинг турмуш ўртоғи, вафот этган қизнинг онаси С.С. вояга етмаган А.С.нинг отасини танишини, ўғлини эса танимаслигини, бу бола илгари ҳам машинани жуда тез бошқариб юриши, у ҳар куни катта тезликда кўчаси бошидан ўтиб, ҳамманинг ғашига тегиб юрганини билдирган.

«Ўша пайтда боланинг отаси ўғлига қаттиқ танбеҳ ва огоҳлантириш бериб, тартибга чақириши керак эди. Афсуски, вояга етмаган боланинг «қулоқсизлиги», ота-онанинг фарзанди эркаликларига бефарқлиги бир оиланинг устунини синдирди», — дейди маҳалла фуқароларидан бири.

Маълум бўлишича, марҳумнинг 3 нафар фарзанди бўлиб, 2 нафари ўғил ва бир нафари автоҳалокатда вафот этган қиз бўлган.

Судга айбдор оиласи томонидан жабрланувчилар оиласига тегишли бўлган автомашинага етказилган моддий зарарнинг 20 миллион сўми қопланган. Қолган моддий зарар тўланмаган. С.С. судда тўланмаган моддий зарарни ундириб, судланувчи А.С.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб кўрсатма берган.  

«Суд ҳукми билан айбдорнинг вояга етмаган ёшда экани инобатга олиниб, унга нисбатан озодликни чеклаш жазоси қўлланилди, холос. Мен эса ҳали 35 ёшга ҳам кирмаган турмуш ўртоғиму суюкли қизимдан айрилдим...», — деган жабрланувчи С.С.

Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди ҳукмига кўра, айбдор А.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан ЖКнинг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, ЖКнинг 841-моддаси (Озодликни чеклаш)тартибида, икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Маълумот ўрнида: айбдорнинг фуқаровий даъвогари – ота-онаси томонидан «Нексия-3» автомобилига етказилган моддий зарар учун 36.709.381 сўм, таъзия ҳаражатлари учун 20.000.000 сўм, жабрланувчининг қонуний вакилларига 40.000.000 сўм ҳамда дори-дармон ва бошқа харажатлар учун 1.323.700 сўм ундириш ҳақида ҳужжатлар чиқарилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг