Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Суд Навоий вилояти ССП бошлиғига нисбатан ҳукм ўқиди

Суд Навоий вилояти ССП бошлиғига нисбатан ҳукм ўқиди

Жорий йилнинг апрелида Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоева фирибгарлик жиноятини содир этганлик ва пора беришда иштирокчиликда гумонланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.

М.Омонбоевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши Навоий вилояти Навбаҳор тумани судида биринчи инстанцияда кўриб чиқилди. У Жиноят кодексининг 168-модда 4-қисми а-банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) билан маҳкамага тортилган.  

Суд тергови баённомасига кўра, судланувчи Мерей Омонбоева хизмат мавқеидан фойдаланиб, Навоий шаҳридаги тадбиркорлик субъектларига ўзини Навоий шаҳар ҳокимияти мансабдор шахслари билан яқин муносабатда эканлиги ҳақида сохта тасаввур уйғотиб, тадбиркорлик субъектларига гўёки Навоий шаҳар ҳокими билан таништириб қўйишни ваъда қилган ҳолда, шаҳар ҳокими номидан қарз эвазига пул маблағларини сўраб олиб, уларнинг пул маблағларини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритишни режалаштирган.

У, жумладан, Навоий шаҳрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи М.Р.дан ўзининг шахсий манфаатлари учун 2022-2023 йиллар оралиғида жами 80 млн сўм пул маблағларни қарз сифатида олган. Бироқ М.Омонбоева ушбу қарзини қайтариб бермаслик ва М.Р.нинг бошқа пул маблағларига эгалик қилиш мақсадида 2023 йилнинг октябр-ноябрь ойларида Навоий шаҳар ҳокими Д.Эргашев номидан сохта «Telegram» аккаунти яратади ва унда ёзишмаларни сохталаштириб тадбиркорга кўрсатади. Шу тариқа тадбиркордан 56 млн сўм ва 23 минг АҚШ доллари (эквиваленти 282 млн 440 минг сўм) жами 338 млн 440 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини қўлга киритади.

Юқоридаги аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, суд, судланувчи М.Омонбоеванинг жабрланувчи М.Р.дан унинг ишончига кириб, уни ишонтириш мақсадида шаҳар ҳокими билан яқин муносабатда эканлигини исботлаш мақсадида у билан бўлган ёзишмаларни сохталаштириб, бу билан М.Р.ни ишонтириб, фирибгарлик йўли билан пул маблағларини қўлга киритган деб топди. Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи М.Омонбоеванинг қилмишлари ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади.

Шунингдек, суд, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонуни талабидан келиб чиқиб, М.Омонбоеванинг аёл киши экани, муқаддам судланмаганлиги, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланаётганлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони билан мукофотлангангани, 2020 йилда «Зулфия» номидаги давлат мукофоти билан тақдирлангани, етказилган зарар қоплангани жиноятни ижтимоий хавфлилигини йўқотган деб ҳисоблаб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 70-моддасига асосан жазосидан озод қилишни лозим топди.

Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг судланувчи М.Омонбоевага нисбатан қўлланилган «гаров» тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг