Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўқитувчи, ўқувчи ёхуд зўравонлик тарбиячи ва бола ўртасидаги ҳиссий алоқани бузиши ҳақида...

Ўқитувчи, ўқувчи ёхуд зўравонлик тарбиячи ва бола ўртасидаги ҳиссий алоқани бузиши ҳақида...

фото: интернет, очиқ манба

«Кўпчилик мактаб даврига қайтгиси келади, эслайсанми мактабда тиқилинчда кўзингда ёш айланганини, синфдошларинг турли гаплари билан ўзингдан чиқарганини, эрталаб уйқудан умуман туришни хохламаганингни-чи? Ўзингни ўзинг отиб ташлашни истаганингни эслайсанми, синфдошларингни, янги ўқитувчингнинг бақир-чақирлари туфайли уни ҳам отиб ташлашни орзу қилганингни-чи. Миянгдан «Колумбайн» трагедияси кетмаганди» (1999 йилда Америкадаги  мактабларнинг биридаги ўсмир болалар билан боғлиқ фожеа)

Бу мен жуда яхши танийдиган ўсмир қизалоқнинг кечинмалари эди. Ҳа доимо кулиб юрадиган, мактабидан шикоят қилмаган, аълочи, ҳар доим ўқитувчилари томонидан тартиблилиги, одоблилиги туфайли оиласидагиларга фахр келтирадиган қизнинг ўсмир ёшида ёзилган кечинмалари. Бу ёзганини менга телеграм орқали узатганида қанча пайт қотиб ўтирганимни, унинг ёзганларини неча бор ўқиганимни билмайман

Шу вақт оралиғида жуда кўп нарсалар кўнглимдан ўтди, биз фарзандларимизнинг қалбидан ўтаётганларини нечоғлик англаймиз ёки уларни эшитишга ҳаракат қиламиз?

Тез-тез ўқитувчилар болаларни ургани ҳақидаги хабарларга кўзим тушади.  Шундай пайтда кўпчилик ўқитувчини оқлайди. Мен эса доимо ўқувчиларни ўйлайман. Улар ҳам қалби тўла алам, ғазаб, чорасизлик бўлса-да уйига кулиб кириб борар, уларам кўнглидагини ҳеч кимга айтмас, аммо кўнглидан неча бор КОЛУМБАЙН трагедияси ўтаётгандир...

 Бу ҳақда тадқиқотлар нима дейди?

Саккиз йил давомида Биелефельд университетида психолог Тобиас Хеккер бошчилигидаги гуруҳ ўзларини Африканинг шарқий қисмида, шу жумладан Танзанияда болалар таълимида зўравонликни тадқиқ қилиш ва олдини олишга бағишлади. Бир тадқиқотда тадқиқотчилар Танзания бошланғич мактабларида ўқувчилар, ота-оналар ва ўқитувчилар билан суҳбатлашдилар. Ўқитувчиларнинг 96 фоизи сўровдан бир ой олдин ўқувчиларга нисбатан жисмоний ёки ҳиссий зўравонликнинг камида битта шаклини қўллаганликларини билдиришган.

Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар болалар томонидан бошдан кечирилган зўравонлик ва психологик муаммолар ўртасида бевосита боғлиқлик борлигини кўрсатди. Болалар ўқитувчилари ва ота-оналари томонидан қанчалик кўп зўравонликка дучор бўлишса, улар руҳий тушкунлик ёки ижтимоий чекиниш каби ҳиссий муаммоларни ва тажовузкорлик ёки гиперактивлик каби хулқ-атвор муаммоларини кўрсатиши мумкин. Психологик стресс боланинг диққатини жамлашни ва ўрганишни қийинлаштиради.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, зўравонликни маъқуллаш ва қабул қилиш, бошқа нарсалар қатори, ўқитувчиларнинг болалик даврида бошдан кечирганлари билан изоҳланиши мумкин. Кўпчилик худди шундай зўравонлик амалиётига дучор бўлган ва жисмоний жазо одатий деб ҳисобланган ижтимоий муҳитда ўсган. Тадқиқот иштирокчиларидан бири шундай дейди: «Устозларим томонидан калтакланганлар, улар ҳақида ҳис қилган ва ўйлаганларим ҳақида ўйлаш ўзгаришларга сабаб бўлди. Ўқувчини калтаклаш фикрининг ўзи дарҳол  устозим томонидан калтакланганимда ҳис қилган ғазаб, умидсизлик ва нафратни юзага чиқаради.»

Ўқувчиларнинг ҳис-туйғулари нима дейди?

Африкалик академиклар билан биргаликда Хеккер жамоаси зўравон жазоловчилардан фойдаланишнинг асосий сабабларини кўриб чиқувчи ўқитувчилар учун тренинг дастурини ишлаб чиқди.

Иштирокчи мактаблар Танзания ва Уганданинг шаҳар ва қишлоқ жойларидаги бошланғич ва ўрта мактаблар эди. Семинарга ўқитувчилар катта қизиқиш билдиришди ва иштирокчиларнинг катта қисми юқори мотивацияга эга бўлди. Дастур Танзания ва Угандадаги ўрта мактабларда амалга оширилган ва баҳоланган дастлабки иккита тадқиқот умид берувчи натижаларни берди.

Иштирокчи ўқитувчилар зўравонликка бўлган муносабати ўзгаргани ва кейинчалик улар ўқувчиларга нисбатан камроқ жисмоний ва ҳиссий зўравонлик қўллаганликларини айтишди. Иштирокчилардан бири шундай деди: «Мен шогирдларимда пайдо бўлган ҳис-туйғулар ҳақида ҳеч қачон ўйламаганман. Лекин улар мендан нафратланишларини, қасос олишни хоҳлашларини, мендан қўрқишларини ва энди ҳурмат қилмасликларини билиш – бу даҳшатли фикр ва ҳеч қачон, ҳеч қачон мен хоҳлаган нарса эмас».

«Мутахассислар ўртасида аниқ консенсус, яъни якдил қарор шуки, калтаклаш зарарли, – дейди Мичиган университетининг доценти Эндрю Гроган-Кайлор – аниқ ишониб айта оламанки, калтаклаш тарбиячи ва бола ўртасидаги ҳиссий алоқани бузади».

Остиндаги Техас университети доценти Гроган-Кайлор ва Элизабет Герцхофф калтаклашнинг болаларга қандай таъсир қилишини аниқлаш учун сўнгги 50 йил ичида чоп этилган ва 160 927 бола иштирок этган калтаклаш бўйича олдинги тадқиқотларни таҳлил қилишди.

Уларнинг мета-таҳлиллари калтаклаш боланинг хатти-ҳаракати яхшиланиши билан боғлиқлиги ҳақида ҳеч қандай далил топмади, аксинча, калтаклаш 13 та зарарли оқибатларнинг ортиши хавфи билан боғлиқлигини аниқлади.

Бизда-чи?

Афсуски, ҳар доим ўқитувчи ва бола ўртасидаги зиддият ҳақида бирор ҳодиса бўлса иккига бўлиниш кузатилади. Кўпчилик болани уриб тўғри қилибди, бизниям уришган ўлмадик, одам бўлдик, деб гўёки шу билан ўқитувчиларига, устозларига ўз меҳрларини, ҳурматларини кўрсатишади. Аммо афсуски бизда айнан шу ўқитувчиси урганида ўлмай қолган ёки одам бўлган катталарнинг психологиясини, ҳаётини кузатиш тадқиқотлари йўқ. Балки улар агар ўқитувчилари калтакламай дўстона муносабатда бўлганларида ўзларига ишончи янаям юқори ва бошқачароқ натижаларга эришаётган бўлишармиди? Энг бўлмаганда зўравонликни ёқлашмасмиди?

Куни кеча таниқли шоирларимиздан бири шундай айтаяпти: Боламни ўқитувчиси урибди, беш панжанинг изи турибди юзида, нима қилдинг, деб ўғлимдан сўрасам айтмади... Кейин шоир ўша ўқитувчининг уйига боради ва ўқитувчининг ранги оқарганини кўриб унга раҳми келади. Ўғли кечирим сўраши учун унинг қулоғини шу қадар бурайдики, томирлари чиқиб кетади. Ва катта одамлар, яъни ўқитувчи ва ота болани эгилганидан, кечирим сўраганидан нафслари ором олади. Афсуски, яна ўша гап, уриб-тепилиб катта бўлганлар шоирга рахмат айтаяпти. Аммо бола-чи, унинг кўнглидан нималар ўтди, нималар синди. Бу ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ. Баттар бўлсин деганлар ҳам бор. Ўсмир йигитчага душманлик, болага душманлик бунчалар катта бу катталарда... Худди шу мазмунда қўйилган постимга ёзилган баъзи изоҳлар...

Гулнора Раҳмонова, рассом:

Барча фикрларингизга юз фоиз қўшиламан. Биз калтак еб ўқиган авлодмиз. Ўзим эришишим мумкин бўлган баландликларга ичимдаги ҳадик ва қўрқув туфайли эришолмадим, деб ҳисоблайман.

Муҳайё Рустам қизи:

152-мактабда Лариса деган (ўқитувчи дегим келмаяпти) биттаси бор. Қизимни синф фонди бермагани учун ўқувчиларнинг олдида доскага чиқариб роса мулзам қилган, ойлаб ўқувчиларни қизимнинг устидан кулдиртирган, бирор ўқувчини қизим билан саломлашишига ҳам қўймаган. Камига доскага чиқариб қўйиб, ўқувчиларга масхаралатган экан. Оилавий аҳволимиз ўша пайтда яхши бўлмаганлиги ва ўша кунларда соғлигим ёмонлиги учун қизим бизга айтмаган, йиғлаб, ичига ютиб юраверган. Ҳали-ҳамон нафрат билан эслайди. Ойлаб давом этган таҳқирлашдан кейин қизимни бошқа синфга ўтказганман. Бу ўқитувчида кўп ўқимади қизим, лекин озгина фурсатда ҳам шу устозига меҳри тушган экан. Ўша Лариса кейин ҳам ўқувчиларига шу қиз билан гаплашмайсизлар, кўчада кўрсанглар масхараланглар деган. Бошқа мактабга кетиб қутулган – бу тўғрида албатта, бир мақола қиламан.

 Milla Ferarra:

Ҳаётда нимага эришмаган бўлсам, қандай жароҳатларим ва қўрқувларим бўлса бу ҳаммаси ота-онамнинг зўравонлиги сабаб! Таҳқирлашлар сабаб ўзимни ҳеч ким эмасман, деб ҳисоблаганман, интилмаганман, менга шуям бўлаверади, деб ўйлаганман.

Уриб, калтаклаб катта қилганларни турқига қарагим келмайди.

Muhabbat Asanbaeva:

Қизим 10 синфда ўқийди. Алгебра устозидан безиллайди, нега десам мавзудан тушунмаган жойини сўрашса шунақа бақирар экан ўқувчиларга. Директорнинг  хабари бор, лекин жим...

Атрофимизда ўқувчиларини урмайдиган чин ўқитувчилар бор. Улар ўқитган йигит-қизлар бугун ҳаётда ўз йўлларини топишган. Болалар билан дўст бўлиб уларнинг қалбига йўл топа олишни уддалаган чин устозлар бор. Айнан шулар тарбиялаган ёшлар бугун зўравонликни оқламайди, ўзига бошқаларга қараганда ишончи баландроқ...

Педагог В.Сухомлинскийнинг мана бу қимматли фикрларини афсуски баъзи ота-оналарни қўя турайлик кўпгина ўқитувчилар умрида ўқиб ҳам кўрмагани алоҳида мавзу:

«Боланинг қалбини ҳеч нарса ҳақоратчалик дағаллаштириб, уни меҳр-шафқатсиз қилиб қўёлмайди. Ҳақорат – инсоннинг нозик табиатидаги дағаллигини, баъзан эса ваҳшиёна қилиқларини қўзғатади. Педагогик маданиятсизликнинг бу сира тоқат қилиб бўлмайдиган белгиси – ҳақоратлаш йўқотилмас экан, вояга етмаган болалар ва ёшлар ўртасидаги жиноятчиликни тугата олмаймиз.»

                                                               Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг