Фарғоналик ўқувчи қиз Microsoft компаниясининг Ўзбекистондаги илк амбассадори бўлди
Фарғонадаги 10-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Дилафрўз Жўрабоева Microsoft компаниясининг ёшларга мўлжалланган Microsoft Learn Student дастури амбассадори бўлди.
Эндиликда Дилафрўз Microsoft компаниясининг Ўзбекистондаги юзи сифатида фаолият олиб боради.
Ушбу дастур компаниянинг ёшларга мўлжалланган лойиҳаси бўлиб, у бутун дунё бўйлаб технология соҳасида билимли, фаол ва интилувчан ёшларни саралаб олади.
«Ушбу лойиҳага топширишим ҳам, киришим ҳам осон кечмади. Техник томондан билимларим яхши бўлгани учун мени номинацияга қўйишди. 1 йил давомида компания томонидан берилган турли шартлар ва топшириқларни аъло даражада бажариш талаб этилди. Шулардан бири сунъий интеллект технологияси бўйича берилган 30 та модулдан иборат дарс ва топшириқлар бўлди», — деди Дилафрўз Жўрабоева.
Айни дамда Дилафрўз Yandex учун ўқиш ва стажировкага топширган, синовлардан яхши ўтса Yandexнинг катта лойиҳаларига қўшилиш имкониятига эга бўлади.
Дилафрўз Microsoft Developers Community Uzbekistan, Sado24, NET Documentation Uzbekistan сингари кўплаб стартап, ҳакатон ва мусобақалар иштирокчиси. IT Community Uzbekistanнинг Фарғона водийси бўйлаб амбассадори ҳамда «Ибрат» speaking клубининг волонтёри сифатида ҳам фаолият олиб боради.
У мамлакатимизнинг IT соҳасидаги 46 нафар аёл ва қизи қаторидан жой олган, қолаверса, Ўзбекистондаги топ-12 спорт дастурчисидан иборат қизлар жамоасига қўшилган.
Компания талаба-амбассадори бўлиш нима беради?
Ушбу мақомга эга талаба техник ва етакчилик бўйича тренинглар, Microsoftнинг кенг таълим ресурсларига кириш ва келажакни яратишга иштиёқи баланд ёшларни бирлаштириш имконига эга бўлади.
Бундан ташқари, амбассадорлар учун Америкага виза олиш ва саёҳат қилиш қилиш имкониятлари яратилади. Талаба томонидан ёшлар учун ўтказиладиган тадбирларга ҳомийлик қилинади. Компания барча маҳсулотларининг премиум талқинлари бепул тақдим этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter