Фарғонада нарколаборатория фош этилди: 9,1 млрд сўмлик наркотик моддалар олинган

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона туманидаги «Миндонобод» МФЙдаги уйлардан бирида синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаш мақсадида ташкил этилган нарколаборатория фош этилди.
Аниқланишича, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1990 ва 2001 йилларда туғилган 3 нафар шахс мазкур хонадонни ҳар ойига 250 АҚШ долларидан ижарага олиб, у ерда гиёҳвандлик воситалари тайёрлаш билан шуғулланишган.
Кўздан кечириш давомида, ушбу манзилдан 8 кг. 185 гр. Альфа-ПВП, 4 кг. 209 гр. «Спайс», 427 гр. «Мефедрон» синтетик наркотик моддалар ҳамда уларни тайёрлашда керак бўладиган 12 кг. 326 гр. махсус суюқлик ва 13 кг. 925 гр. тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди.
Экспертиза хулосасига кўра, тезкор тадбир давомида олинган жами 12 кг. 821 гр. синтетик наркотик моддаларнинг қора бозордаги баҳоси 9 млрд. 185 млн. сўмни ташкил этади.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, қонунбузарлар интернет тармоғи орқали гиёҳвандлик воситалари сотиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ аъзолари томонидан “закладка” усулида етказиб берилган хом-ашё маҳсулотлари асосида наркотик моддалар тайёрлаб, вилоят бўйича белгиланган хуфия жойларга қолдириб, уларнинг геолокациясини жиноий гуруҳ аъзоларига юбориб туришган.
Бунинг эвазига учала шахснинг ҳар бири ҳафтасига криптовалюта кўринишида 500 АҚШ долларидан маош олган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 4-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter