Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода ўтказиладиган илк биенналега тайёргарлик бошланди

Бухорода ўтказиладиган илк биенналега тайёргарлик бошланди

2023 йилнинг 11 июль куни Саида Мирзиёева 2025 йилда Бухорода илк Биеннале бўлиб ўтишини билдирган эди. 

Унинг сўзларига кўра, Биенналени ўтказиш мақсадларидан бири — Ўзбекистоннинг халқаро санъат ҳамжамиятига қўшилиши ҳамда унинг жаҳон миқёсида маданий-тарихий нуфузини юксалтириш.

Таъкидланишича, Биеннале ташкил этиш ва ўтказиш асносида маҳаллий ва хорижий усталар ҳамда ижодкорларнинг мулоқот қилиш имкониятлари яратилади. Бу эса мутахассислар ўртасида тажриба алмашишга, шунингдек, анъанавий ҳунармандчилик салоҳиятларини замонавий руҳда очиб беришга замин яратади.

Шу нуқтайи назардан, Бухорода илк Биенналени ўтказишга тайёргарлик амаллари бошланди.

Маълумки, Бухоро ўзининг қадимий обидалари, осори атиқалари билан ном таратган. Ўзининг қадимий архитектураси, меъморий мажмуалари билан диққатга сазовор Бухорода 829 та маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган: 287 та археология ёдгорликлари, 508 та архитектура,  17 та монументал ҳамда 17 та диққатга сазовор жойлар шулар жумласидандир. Бугунги кунда маданий мерос объектларда уларни асрашга доир амалий ишлар бажарилмоқда. Бу амаллар «Арк» қўрғони шимолий дарвозасининг тикланишидан бошланган эди.

Бухоро шаҳри аҳолисининг маълум қисми маданий мерос объектлари бино бўлган ва уларга туташ ҳудудларда яшашади. Бу ўз-ўзидан одамларнинг тарих билан ёнма-ён умргузаронлик қилаётганидан далолат. Бухоронинг бой тарихи ва маданиятини, ноёб оддий ва номоддий маданий меросини янада бойитиш, «Боқий Бухоро» тарихий-этнографик марказини барпо этиш борасида хайрли мақсадлар илгари сурилган ва бу борада ташаббусли амалий ишлар аллақачон бошлаб юборилган.

Бажарилаётган амалий ишлар натижаси ўлароқ, катта ва кенг ҳудудда барпо этиш амалларидан ташқари, ободонлаштириш масалаларини ҳам тизимли ташкил этиш, аҳоли ва сайёҳлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда янги имкониятларни жадаллаштиришга ҳам киришилди.

Бухоро тарихий марказида маданий мерос объектларини асраш ва техноген жараёнлар таъсирининг олдини олиш ҳамда, аҳоли ва туристлар учун қулай ҳаракатланиш шароитларини яратиш мақсадида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширишда хорижий ва маҳаллий экспертлар, олимлар, тарихчилар ҳамда тажрибали лойиҳачилар  жалб этилган.

Узоқ йиллик тарихга эга эски шаҳар ҳудуди аҳоли яшаш манзиллари кўпроқ берк ва тор кўчалардан иборат. Боз устига кўплаб деворлар нураб, эскириб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Бу ўз-ўзидан аҳолининг турмуш тарзига таъсир ўтказмай қолмайди.

Шулар нуқтайи-назаридан, Бухоро шаҳар тарихий марказидаги «Чор Минор» ва «Истеза» мадрасалари, «Самарқанд» ва «Дарвозаи Саллохона» дарвозалари, «Зиндон» ва «Масжиди Калон» каби туристик маршурут бўйлаб жойлашган объектлар ҳудудида таъмирлаш-тиклаш ишларининг бошлангани кўпсонли аҳолининг розилигига сабаб бўлмоқда.

«Ёмғир сувларини олиб кетувчи қувурлар анча носозланиб қолганди. Гоҳида кўча қувурларидан ёмғир сувларининг сизиб чиқиши анча-мунча ташвишларни келтириб чиқарарди. Тарихий-этнографик марказини барпо этиш баробарида аҳоли яшаш манзилларининг ҳам ободонлаштирилаётгани қувончимизга сабаб бўлмоқда. Тўғриси, аввалига таъбимиз хира бўлганди. Амалий ишлар эса муаммоларимизнинг ечим топишига далолат бўлмоқда»,-дейди эски шаҳар фуқароси Хуршида Неъматова.

Бухоро вилояти ҳокимининг маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриёровнинг таъкидлашича, ёмғир сувларини олиб чиқиб кетувчи тармоқларни қуриш, электр энергияси, табиий газ, алоқа кабеллари ва бошқа коммуникация тизимларини ўрнатиш Хива шаҳри тажрибасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Бунда қувурларни шахта шаклида ер остидан ўтказиш ёки бинолар том қисмларидан миллий кўринишда ёғоч орнаментлар, устунлар билан ўраган ҳолда мукаммал кўриниш берилади. Шунингдек, анъанавий меъморчилик услубига уйғун ҳолда йўл ва кўчаларда замонавий ёритиш тизимларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Бухоро вилояти ҳокими мазкур жараёнларни ўрганиш давомида аҳоли билан суҳбатда бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганди.

«Муаммоларнинг ҳал қилиниши бўйича зарур вазифалар белгиланиб, ижроси назоратга олинади. Бухоро шаҳрида жорий йилда биринчи замонавий дизайн ва ҳунармандчилик биенналесини ўтказишга тайёргарлик қизғин. Шу мақсадда танланган ҳудудда маданий мерос объектларини реставрация қилиш, туташ ҳудудларда йўл ва йўлакларда мавжуд асфальт ва бетон қопламаларни демонтаж қилиш, лойиҳа асосида махсус тош қопламалар ётқизиш ишлари жадал. Айниқса, Бухоро тарихий марказида белгиланган 9 та маданий мерос объектлари, жумладан, Гавкушон мадрасаси, Хожа Калон ва Мағоки Атторий масжидлари, Мирзо Улуғбек, Аҳмаджон карвонсаройлари қолдиқлари, Олимжон, Аёзжон ва Фатхуллажон карвонсаройлари, Тасвирий санъат музейларини реставрация қилиш ва уларнинг муҳофаза зонасида ҳам зарур таъмирлаш-тиклаш ишлари диққатга молик. Худо хоҳласа, бухороликлар янаям бетакрор манзилларда умргузаронликда давом этишади»,-деди вилоят раҳбари.

Маълум бўлишича,  Бухоро шаҳар тарихий марказида дастлабки босқичда туризм маршрутидаги кўчаларга туташ хонадонлар ва корхоналар биноларини том қисми қопламалари демонтаж қилинади. Ушбу демонтаж тарихий анъанавий усулда, яъни лойсувоқ ва миллий услубдаги қоплама кўринишига келтирилади. Маданий мерос объектларига туташ ҳолда қурилиб, ўрнатилган ноқонуний қурилмалар, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, ўзбошимчалик билан тилкланган ва фойдаланиб келинган объектлар бартараф этилади. Бухоро шаҳар тарихий марказида фаолият олиб борувчи жойлаштириш воситалари, ресторанлар, ҳунармандлик устахоналари, сувенир дўконлари, маданий мерос объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларидаги мавжуд реклама баннер мосламалари ҳам тартибга келтирилади.

Биеннале италянча сўз бўлиб, “biennale”– икки йилда бир марта ўтказиладиган маданий, санъат ёки илмий тадбирдир. У одатда кўргазма, фестиваль ёки конференция шаклида ташкил қилинади. Биеннале нафақат санъатга, балки архитектура, дизайн, адабиёт ва бошқа ижодий соҳаларга ҳам бағишланиши мумкин.

Энг машҳур биеннале – Венеция биенналеси, 1895 йилда ташкил этилган ва ҳозиргача дунё миқёсидаги энг нуфузли замонавий санъат тадбирларидан бири ҳисобланади. Унда жаҳоннинг турли мамлакатларидан санъаткорлар ўз асарларини намойиш этиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, биеннале тушунчаси кенгроқ тармоқларда ҳам қўлланилиши мумкин. Масалан, архитектура биенналеси, мусиқа биенналеси ёки шаҳарлар ва маданият биенналеси.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг