БАА компанияси Ўзбекистонда ҳаво таксиларини йўлга қўяди
Ўзбекистон БАА компанияси билан фуқаро авиацияси соҳасида янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга доир ҳамкорлик Меморандумини имзолади.
БААнинг JETEX компанияси «Тошкент-Шарқий» аэропортида FBO (Fixed Base Operator) шаклида давлат хусусий шерикчилиги асосида VIP ва CIP мижозларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳани амалга оширади.
Бу ҳақда Транспорт вазири Илҳом Махкамов ҳамда JETEX компанияси таъсисчиси Адел Мардини билан ўтказилган учрашувда сўз борган.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳа доирасида кичик авиация соҳасида таъмирлаш, сотиш ва сақлаш хизматлари йўлга қўйилади. Аэротакси хизмати ва VIP такси жорий этилади. Бу эса ўз навбатида туризм соҳасининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда VIP мижозлар учун қулайлик яратади.
Қолаверса, Ўзбекистонда бизнес авиация соҳасида 200 дан кўпроқ юқори малакали иш ўринлари яратилиши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, JETEX компанияси 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, 5 қитъада 30 та бизнес бирлашмасига эга глобал тармоқни ташкил этган. Бутун дунё бўйлаб 50 дан ортиқ нуқталарда, жумладан Яқин Шарқ, Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси, Африка ва Америкада кун-у тун мижозларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.
FBO (Fixed Base Operator) – аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга комплекс сервис хизматлари кўрсатувчи, хусусан, ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш, тўхташ жойи, ангарда сақлаш, техник ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш, ҳаво кемаларини ижарага бериш, чартерларни сотиш, такси ва яна бошқа кўплаб хизмат турларини кўрсатувчи ташкилотдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter