«Халқимиз шуни билсинки...» – Эрдўғон баёнот берди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат пойтахти Анқара шаҳрида, TUSAŞ аэрофазовий ширкати объектида содир этилган терактга муносабат билдирди.
Эрдўғонга кўра, терактдан кўзланган мақсад Туркиянинг барқарорлигига рахна солиш ва мамлакатнинг тўлақонли мустақиллиги рамзи саналган мудофаа соҳасидаги ютуқларни йўққа чиқаришдан иборатдир.
Туркия раҳбари ҳужумнинг илк дақиқалариданоқ хавфсизлик кучлари тезкорлик билан ҳаракат қилгани ва террорчиларни йўқ қилганини қайд этган.
«Халқимиз шуни билсинки, Туркияга қарши кўтарилган ифлос қўллар шубҳасиз синдирилажак. Бизнинг хавфсизлигимизга рахна солмоқчи бўлган бирор бир тузилма, бирор бир террор ташкилоти, бирор бир ёвузлик маркази мақсадига ета олмайди», – деб таъкидлаган у.
Қайд этилишича, Анқара барча турдаги террор таҳдидлари ва ёвузлик гумашталарига қарши қатъий курашдан асло чекинмайди.
Маълумот ўрнида, 23 октябрь куни TUSAŞ аэрокосмик компанияси объектида содир этилган қўпорувчилик ҳаракати оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, 22 киши жароҳатланган.
Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая ҳужумни уюштирган икки террорчи ўлдирилгани, улардан бири аёл эканини айтган.
ИИВга кўра, ҳужум Курдистон ишчи партияси террор ташкилоти томонидан уюштирилган бўлиши мумкин.
Расмийлар ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот берилишини билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter