Испанияда уч кунлик мотам эълон қилинди
Испанияда сув тошқинлари сабаб 70 киши ҳаётдан кўз юмди. Мамлакат Вазирлар Маҳкамаси кучли ёмғир ва сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар учун расмий мотам эълон қилишга қарор қилди. Бу ҳақда қиролликнинг ҳудудий сиёсат вазири Анхел Виктор Торрес матбуот анжумани чоғида маълум қилди.
«Испания Бош вазири Педро Санчес қирол ҳазратлари билан суҳбатлашди ва уч кунлик мотам эълон қилиш тўғрисида фармон чиқарилди», деди у.
Торреснинг аниқлик киритишича, мотам 31 октябрдан 2 ноябргача амал қилади.
Шу билан бирга, вазир бедарак йўқолган аҳолининг аниқ сони ҳақида журналистларга маълумот бера олмаслигини таъкидлади. Аммо, унинг сўзларига кўра, расмий Мадрид сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ва жабрланган одамларга ёрдам бериш бўйича минтақа ҳукуматлари билан ҳамкорликни давом эттиради.
Торрес айтганидек, ёмғирлар мамлакатга катта моддий зарар келтирди. Шунга қарамай, энг даҳшатли оқибат фуқароларнинг ўлими бўлиб қолмоқда, деди у.
Кучли ёмғир ва сув тошқинлари Испаниянинг Валенсия автоном ҳамжамияти ва бошқа бир қатор ҳудудларни қамраб олди. 30 октябр куни RTVE давлат телерадиокомпанияси қиролликда табиий офат 70 кишининг ҳаётига зомин бўлганини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter