Ҳиндистон Россиянинг илтимосини рад этди
Ҳиндистон Россиянинг илтимосини рад этган ҳолда Украинага артиллерия ўқ-дориларини етказишда давом этмоқда, деб хабар берди Reuters агентлиги.
Ҳинд давлат корхоналари Украинага ўқ-дори ишлаб чиқаришда қатнашмоқда. Ўқ-дори Киевга Чехия, Италия каби Европа мамлакатлари орқали етказилмоқда. Ҳиндистон Украинага Испания ва Словения орқали снаряд ишлаб чиқариш учун компонентларни етказиши ҳам кутилмоқда.
Украинага ҳинд ўқ-дорилари етказилиши Москва томонидан хавотир билан қаршиланган. Хусусан, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳинд ҳамкасби билан музокараларда ўқ-дори етказишни тўхтатишни сўраган. Аммо бу илтимос рад этилгани айтилмоқда.
Уруш қизиган бир пайтда Россия ҳам, Украина ҳам артиллерия ўқ-дорилари етишмаслигидан қийналмоқда.
Москва қурол-аслаҳа ва ўқ-дори борасида Шимолий Корея ва Эрон, Украина эса Ғарб кўмагига суянмоқда.
Россия Украина ҳудудига бостириб кирган дастлабки ойларда Ҳиндистон бетараф мақомда туришга уринган. Ҳам Вашингтон, ҳам Москва билан стратегик ҳамкорликка эга мамлакат Ғарб босимига қарамай, Россия тажовузини қоралашдан тийилган. Экспертлар Деҳли маъмуриятининг бу борадаги сиёсатини «икки кеманинг учини тутиш» деб баҳолаган.
Кейинги вақтларда Ҳиндистоннинг Украина уруши борасидаги позицияси ўзгарди. Деҳли Москвани қуролли зиддиятни мулоқот йўли билан ҳал этишга чақира бошлади. Хусусан, бош вазир Нарендра Моди 2023 йил июнь ойида «The Wall Street Journal» нашрига берган интервьюсида Деҳли ҳукумати Украина масаласида бетараф эмаслигини таъкидлади.
«Айримлар бизни бетараф деб ҳисоблайди. Йўқ, ундай эмас. Биз тинчлик томонидамиз. Барча мамлакатлар халқаро ҳуқуқ ва давлат суверенитетини ҳурмат қилиши шарт», – дея моҳият эътиборига кўра Кремлнинг босқинчилик урушини қоралаган Моди.
Ҳиндистон фуқаролари Россия томонидан алдов йўли билан урушга жалб этилгани маълум бўлгач, икки давлат ўртасида дипломатик таранглик ҳам юзага келди.
Бу масала президент Владимир Путин ва бош вазир Нарендра Модининг жорий йил 8 июль куни Москвадаги учрашувида ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter