Австрияда баҳсли қонун кучга кирди, Британия парламенти бундай қонунни уч карра рад этганди
Австрияда 1 январдан бошлаб эвтаназия ҳақидаги қонун кучга кирди. Эндиликда оғир ва бедаво дардга чалинган беморларга ихтиёрий равишда ҳаёт билан видолашиш имкони берилади.
Эвтаназия ҳуқуқидан фойдаланмоқчи бўлган бемор камида иккита шифокорнинг маслаҳатини олиши ва ўз жонига қасд қилиш масаласида адвокат ёки нотариусга мурожаат этиши талаб этилади.
Аввалроқ, 2021 йил март ойида Испания ҳам эвтаназияни қонунийлаштирган эди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Каролина Дариас ушбу баҳсли қарорни инсонварварлик ва адолат тамойиллари билан изоҳлаган.
Испания қонунчилигига кўра, вояга етган фуқаро ўз жонига қасд қилиш масаласида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Беморнинг бу борадаги мурожаати 5 ой давомида тиббий комиссия томонидан ўрганиб чиқилади. Мазкур вақт давомида бемор ўз истагини камида тўрт марта қайта тасдиқлаши лозим. Мурожаат инобатга олингудек бўлса, эвтаназия жараёни шифохонада ёки беморнинг уйида амалга оширилади.
Дунё бўйлаб саноқли давлатларда беморнинг ихтиёрий равишда ҳаёт билан видолашувига қонунан рухсат берилган. Айни пайтда Нидерландия, Бельгия, Швейцария, Люксембург, Канада, Колумбия, Янги Зеландия, Испания ҳамда Австралия ва АҚШнинг айрим штатларида «ўлим ҳуқуқи» – эвтаназияни қонунан амалга ошириш мумкин.
Нидерландия 2002 йилда дунёда илк бор эвтаназияга қонунан рухсат берган. Мамлакат қонунининг икки карра баҳсли жиҳати шундаки, ундан 12 ёшга тўлган бемор ҳам фойдаланиши мумкин.
Айтиш жоизки, Буюк Британия парламентида ихтиёрий равишда ўлимга доир қонун лойиҳаси 1997 йилдан бир неча бор муҳокамага қўйилган ва ҳар гал рад этилган.
Эвтаназия юнонча «eu» (яхши) ва «thanatos» (ўлим) сўзларидан ясалган бўлиб, «яхши ўлим» деган маънони билдиради. Бу замонавий жамиятнинг энг оғриқли ва баҳсли масалалари сирасига киради. Кўп сонли олимлар эвтаназияни ўз жонига қасд қилиш ўлароқ танқидий баҳолайди ва унга қонуний рухсат берилишини қоралайди. Самовий динлар, хусусан, исломда ҳам Яратган омонат ўлароқ берган жон неъматига қасд қилиш гуноҳи кабира ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter