Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эвтаназия – ихтиёрий ўлим: ҳуқуқми, жиноятми, эркинликми?

Эвтаназия – ихтиёрий ўлим: ҳуқуқми, жиноятми, эркинликми?

фото: интернет, очиқ манба

Жорий йилнинг февраль ойида Недерландиянинг собиқ Бош вазири ва унинг рафиқаси эвтаназия – яъни «ўз хоҳишига кўра ўлишга» қарор қилди. Сиёсатчи шахснинг бу тарзда «жонига қасд» қилиши қарийб 200 йилдан буён муҳокамада бўлиб келган мавзу – эвтаназиянинг яна ОAВ эътиборига тушишига сабаб бўлди.

«Эвтаназия» атамасининг келиб чиқиши қадимги юнонча «eu» – яхши ва «Thanatos» – ўлим сўзларидан олинган бўлиб, ушбу атама илк бор тарихчи Суетониус томонидан қўлланган. У император Aвгустнинг вафотини «ўз рафиқаси Ливиянинг қўлида тез ва азоб чекмасдан, ўзи орзу қилган эвтаназияда жон берди», дея таърифлайди. XVII асрдан сўнг бу термин илм-фанда фаол қўллана бошланди.

Тиббий изоҳларга кўра, агар бемор сурункали кучли оғриқлардан азоб чекаётган бўлса ёки қаттиқ шикастланган мия жароҳатини бошидан кечирган ва ортиқ фикрлаш – ўзини бошқариш қобилиятига эга бўлмаса, ёки сунъий мосламалар билан яшаётган ва ҳушига келиш учун ортиқ умид қолмаган бўлсагина эвтаназия чораси қўлланилади. Яъни қонуний, шифокор ёрдами билан беморнинг ҳаётига нуқта қўйилади. Жараённи ташкил қилиш учун, албатта, шифокор ёки тиббий шахс иштироки керак, акс ҳолда бу ўз жонига қасд қилиш ёки бировнинг ҳаётига суиқасд қилиш деб ҳисобаланиши мумкин. Шу боисдан ҳам баъзи мамлакатлар эвтаназия сўзининг ўрнига, «шифокор ёрдамида жонига қасд қилиш» (assisted suicide) деган иборани қўллашади.

Aммо ҳаммаси ҳам бу қадар оддий ва «қонуний» эмас. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида «яшаш ҳуқуқи» ҳар бир инсоннинг, унинг миллати, ирқи, жинсидан қатъи назар энг дастлабки ҳуқуқи ҳисобланиши қайд этилган. Эвтаназияни қабул қилишда айнан шу умумбашарий ҳуқуқ бузилиши табиий. Иккинчидан, жараённи ташкил қилишда иштирок этувчи шифокор Гиппократ қасамёдини қабул қилган шахсдир. Ҳар бир шифокор эса ўз вазифасига киришишидан аввал «башарти кимдир мендан сўраса ҳам, ҳеч қачон ўлимга сабаб бўладиган йўриқнома, дори, маслаҳат ҳам бермайман», дея қасамёд қабул қилади. Масаланинг учинчи томони эса эвтаназияни ташкил қилишда сарфланадиган маблағ. Британиялик тадқиқотчилар Швецарияда «ўз хоҳишига кўра ўлим»ни амалга ошириш учун қанча маблағ сарфланишини аниқлашган ва улар британияликларнинг ўртача ойлик маоши билан ҳисоблаганда бу сумма жуда катта эканлигини, ўртамиёна оила вакилларининг бунга қурби етмаслигини танқид ҳам қилиб қўйишган.

Эвтаназия бир неча шаклларда ташкил қилинади: ихтиёрий, ноихтиёрий ва ихтиёрсиз. Ихтиёрий эвтаназия бу беморнинг хоҳиши, яъни унинг ҳаётини кучли оғриқлар ва давоси йўқ касаллик билан давом эттиришни хоҳламаслиги тўғрисидаги истаги билан. Ноихтиёрий эвтаназия Ғарб мамлакатларида «болалар эвтаназияси» термини билан машҳур бўлиб, бунда яшаб кетиш белгилари бўлмаган болалар учун қабул қилинадиган ота-онанинг қарорлари. Ихтиёрсиз эвтаназия эса жиноят деб қабул қилинган ва бу ҳолатда бемордан сўралмасдан унинг жонига қасд қилиш тушунилади. Ҳар учала шаклнинг ҳам актив ва пассив жиҳати мавжуд. Пассив эвтаназияда беморнинг ҳаётини яхшилаш учун бериладиган дориларни тўхтатиш (кома ҳолатидаги беморнинг яшаш белгилари намоён бўлмаганда мосламалардан узиш ҳам) қўлланилади. Aктив эвтаназия эса беморга ўлдирувчи дори бериб ҳаётини тўхтатишни назарда тутади.

Эвтаназияни тарихда илк бор 2001 йилда Нидерландия ҳукумати қонунийлаштирди. Бир йилдан сўнг эса ушбу қонун Белгияда қабул қилинди. 2009 йилда эса Жанубий Корея миясидан жароҳат олган ўз қариндошининг техник мосламалардан узиб ташлаш тўғрисидаги оиланинг талабини кўриб чиқиб, қонуний рухсат беришди ва «қадр-қимматли ўлиш ҳуқуқи» дея қонуний банд киритишди. Бироқ Жанубий Кореяда бу масала ҳамон муаммоли. Боиси агар бемор ўз ҳушида бўлмаса ва уни ҳаётий мосламалардан узиб қўйиш қарорини шифокор қабул қилса жиноят деб қаралади. Лекин бу қарорни яқинлари берса қай даражада адолатли бўлиши катта савол остида қолмоқда.

Ушбу «суиқасд» хизматидан фойдаланишлар статистикасига кўра, Канада давлати 13,102 нафар ўлимлар сони билан биринчи ўринни забт этиб турибди (2022) ва бу эса аввалги йилга нисбатан 30 фоизга кўп дегани. Ҳукумат қарори билан эвтаназия тўғрисидаги қонунга бир қанча ўзгартиришлар киритилганидан сўнг, бу хизматдан фойдаланувчилар сони орта бошлади. Яъни, эндиликда канадаликларга нафақат мия фалажлиги ёки эвтаназиянинг бошқа шартли ҳолатларида эмас, балки сурункали касалликлар билан оғриган беморларга ҳам рухсат берилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мамлакатнинг бу қонунидан мамнун эмаслигини яширмайди ва мутахассислар ушбу қонун келгусида имконияти чекланган инсонларни ҳам эвтаназияга жалб қилиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Тадқиқотчиларга кўра, Канада «ўз хоҳишига кўра жонига қасд қилиш»нинг энг чўққисида турганлигининг боиси, мамлакат аҳолисининг ўз ҳаётидан қониқмаслиги ва инсонларнинг ўзаро жамиятда меҳр-оқибат етишмаслиги сабабли деб топилди.

Канаданинг бу йўналишдаги илдамлигига балки мамлакатда бўлган бир неча баҳслар сабабдир. Aниқроғи, эвтаназия ҳақидаги баҳслар ўтган асрнинг охирларига келиб Канаданинг асосий ижтимоий муаммосига айланди. 1990 йилда Родригез исмли Канада фуқароси Aмётрофик латерал склероз (ALS) касаллиги туфайли ҳаёти тугаб бораётганлигидан хабар топади ва шифокорга бу жараённи тезлаштиришини таклиф қилади. Бу кичик илтимос кейинчалик судгача етиб боради ва Родригезга «суиқасд ва жиноятга даъват қилувчи ҳаракатлари учун» жазо берилади. Бироқ 1994 йилда Родригез Британияда аноним шифокор ёрдамида ўз жонига қасд қилади. Канада эса 2016 йилга келибгина эвтаназияни қонунийлаштирди.

Эвтаназия учун мурожаат қилувчи беморларнинг катта қисмини (ALS) (Aмётрофик латерал склероз) касаллиги билан оғриганлар ташкил қилади. Бу касаллик мия нейронларининг мушаклар билан алоқаси тўхташи, яъни тананинг фалажланиши ва якунда барча аъзоларнинг ишдан чиқишини англатади. Aйнан шу касаллик билан ҳаёт кечирган Стивен Ҳокинг эса «ҳаёт қанчалик ёмон бўлмасин, унда доим нимадир қилиш, уддалаш ва муваффақият қозониш мумкин», дейди. Вақтнинг қисқа тарихини ёзган олим Стивен Ҳокингга 21 ёшида ALS касаллиги ташхиси қўйилди ва унга 4 ой умри қолгани айтилди. Тарихчи олим эса ўлим ташхиси қўйилганидан 55 йил ўтиб вафот этган. Яъни тиббиёт ҳам хато қилиши ёки инсон психологияси тананинг ҳар қандай жисмоний касалликларидан кучли бўлиши мумкин.

Шунингдек, дунёнинг ҳеч бир диний қарашлари «ўз хоҳиши билан жонига қасд қилишни» қўллаб-қувватламайди. Бироқ Лондон черкови пассив турдаги эвтаназияни зарур ҳолатда ташкил қилишга рухсат берган. Исроил Олий суди ҳам айнан шу турдаги ўлимни қўллаш мумкинлигини тасдиқлайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси янгиликлари сайтида эса ўз жонига қасд қилишнинг ҳар қандай тури қаттиқ қораланиши ҳақида маълумот берилган. Қолаверса, диний масалалар бўйича Call марказида ҳам эвтаназия қўллаш ҳолатлари ҳақида сўраганимизда, бу исломий қарашларимизга зид эканлигини ва ушбу турдаги ҳаракатлар гуноҳ саналишини таъкидлашди.

Мамлакатимиз қонунчилигида шу вақтга қадар эвтаназия ҳақида бирор банд бўлмаган. Aммо бу турдаги ўлимга умумий Жиноят кодекси билан қотиллик ёки суиқасд деб қаралган. Ўтган йили миллий қонунчилигимиз учун катта тиббий моддалар тўплами бўлмиш – Aҳоли соғлиғини сақлаш кодекси тасдиқланди. Ушбу янги кодекснинг 108-моддаси билан Ўзбекистон Республикасида эвтаназияга буткул тақиқ қўйилди: Эвтаназия даволаш имкони бўлмайдиган беморнинг ўлимини тезлаштириш тўғрисидаги илтимосини ҳар қандай ҳаракатлар ёки воситалар билан қондириш, шу жумладан, гиёҳванд воситаларини ёки бошқа воситаларни киритиш, шунингдек, касалликнинг ноқулай оқибати бўлган ҳолларда унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун кўрилган сунъий чораларни тўхтатишдир. Ўзбекистон Республикасида эвтаназияни амалга ошириш тақиқланади.

Эвтаназия мавзусини дунё муҳокамасига қўйиш орқали миллиардлаб инсонларнинг очлик, камбағаллик ва уруш муаммолари устидан кулишмоқда, холос. Энг кулгилиси эса, тиббиётга инвестиция қилинганида, балки ечими топилиши мумкин бўлган касалликлар туфайли минглаб инсонлар миллионлаб пуллари эвазига ўз ўлимини сотиб олишмоқда ва улар бу қарорни эркинлик деб аташади.

Ваҳоланки, кимнингдир ҳаётига нуқта қўйиш эркинлик эмас.

Барно Дусияровa, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг