Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Германия Ўзбекистонга грант маблағлари ажратади

Германия Ўзбекистонга грант маблағлари ажратади

Германия Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими тизими ва тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув таъминоти тизимини такомиллаштириш лойиҳаларига имтиёзли ва грант маблағлари ажратади.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг жорий йил 14-15 октябрь кунлари Берлиндаги музокаралари якунида шунга доир келишувларга эришилган.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, Л.Қудратов Германия федерал канцлери маслаҳатчиси Ш.Мейер, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича федерал вазирлик давлат котиби Н. Аннен, KfW IPEX-Bank ва Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси раҳбарлари билан учрашган.

Ташриф давомида модернизация жараёнлари, инновациялар жорий этилиши, экспорт, корпоратив ва савдо йўналишларидаги лойиҳаларни суверен бўлмаган молиялаштириш тўғрисида битим ҳам имзоланди.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзбекистонлик мутахассислари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш ва келгусида Германия корхоналарида ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинган.

Бундан ташқари, Германиянинг Edison Technologies, AMK Global, GessCon, Aurubis, HMS Bergbau, Hypercon Solutions, Binz Automotive, Ernst Klett, Siemens Healthineers, Rhenus Group, Linde, ITEL каби йирик компаниялари раҳбарлари билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтган.

Кимё саноати, геология, тиббиёт буюмлари ва қуёш панеллари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, углерод толаси, замонавий логистика марказларини яратиш каби лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгиланган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия канцлери Олаф Шольцнинг жорий йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган учрашуви якунида икки томонлама 8 та ҳужжат имзоланганди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Германиянинг етакчи корхоналари даражасида бир қатор битим ва шартномалар тузилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг