«Яна бир давлат мудҳиш гуманитар ҳалокат остонасида» – БМТ
Фуқаролар уруши давом этаётган Судан давлатида 730 минг бола очликдан азият чекмоқда. БМТнинг огоҳлантиришига кўра, агар зудлик билан инсонпарварлик кўмаги етказилмаса, 5 миллион аҳоли ҳалокатли очлик домига тушади.
«Save the Children» хайрия ташкилоти эса бундан-да нохуш статистикани келтирган: айни пайтда 2,9 миллион нафар суданлик болалар бирламчи озиқ-овқатдан маҳрум қолмоқда.
Суданда 2023 йил апрель ойида фуқаролик уруши бошланган эди. Де-факто давлат раҳбари саналган генерал Абдулфаттоҳ Бурҳон қўмондонлигида мунтазам армия ва генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасида қуролли тўқнашувларда камида 14 минг киши ҳалок бўлди. 8,3 миллион аҳоли бошпанасини тарк этишга мажбур бўлди.
Қуролли тўқнашувлар номусга тегиш, талончилик, қотиллик каби жиноятларга уланиб кетмоқда.
Суданни узоқ йиллар идора этган Умар Башир 2019 йилда ҳокимиятдан четлатилган эди. Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд уни қатлиом ва инсониятга қарши жиноятларда айблаган.
Умар Башир президентликдан кетгач, ҳарбий ва фуқаровий гуруҳлар ўтиш даври ҳукуматини тузишга келишган. Аммо мамлакатдаги турли сиёсий, ҳарбий гуруҳлар ўзаро тил топиша олмади. Пировардида генераллар Абдулфаттоҳ Бурҳон ва Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги зиддият росмона урушга айланиб кетди. Томонлар вақти-вақти билан ўт очишни тўхтатиш борасида битим тузаётган бўлса-да, қонли ихтилофни буткул ҳал этиб бўлмаётир.
Бир йилдан буён давом этаётган уруш туфайли деҳқончилик, тижорат издан чиққан, қимматчилик авж олган. Халқаро инсонпарварлик ёрдами етказиш ҳам муаммо бўлмоқда. БМТнинг 2024 йилда Суданга 2,7 миллиард доллар кўмак кўрсатиш режаси 4 фоизга молиялаштирилган, холос.
БМТ Хавфсизлик кенгаши муқаддас Рамазон ойи муносабати билан томонларни ўч очишни тўхтатишга чақирган. Аммо бу таклиф рад этилган.
Экспертлар Суданда замонавий тарихдаги энг мудҳиш гуманитар ҳалокат етилиб келаётгани ҳақида бонг урмоқда.
Маълумот ўрнида, БМТ Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолиси ҳам кўринмас ажал – ҳалокатли очликка дучор бўлганидан огоҳлантирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter