Ходим бир йилда қанчагача меҳнат таътилига чиқиши мумкин?
Савол: қонунчиликка кўра, ходим бир йилда қанча таътил олиши керак?
МК 217-моддасига кўра, ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календар кунни ташкил этади. Яъни мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай ташкилот бюджет ёки хусусий ташкилотми ходимга камида 21 календар кун ҳақ тўланадиган таътил бериши шарт.
Айрим тоифа ходимларга, масалан, ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга эса камида 30 календар кун ҳақ тўланадиган таътил берилади.
Бундан ташқари, қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида ходимлар учун қўшимча таътиллар ҳам назарда тутилган.
Масалан, МК 220-моддасига кўра, ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календар кун бўлган, бироқ жами саккиз календар кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.
Савол: мен ҳозир «декрет татили»даман. Фарзандим бир ёшга тўлганида ўз ишимга қайтмоқчиман. Иш берувчининг менга «ҳозир бўш жой йўқ», деган важни келтиришга ҳақи борми?
МК 405-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилиб, бу давр учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда нафақа тўланади.
Аёлга унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътил ҳам берилади.
Болани парваришлаш таътиллари даврида ходимнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътилларнинг кўпи билан олти йили меҳнат стажига қўшилади, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшиб ҳисобланади.
Демак, эътибор беринг болани парваришлаш таътиллари даврида Сизнинг иш жойингиз (лавозимингиз) сақланади. Шунингдек, Сиз бемалол исталган вақтда ишингизга қайтишингиз мумкин. Масалан, 3 йил бола парвариш таътилига ариза ёзиб, истасангиз 3 кундан сўнг ҳам ишга чиқишингиз мумкин. Иш берувчи сизга бўш жой йўқ дейиши ғайриқонуний ҳисобланади. Бундан ташқари, МК 408-409-моддаларига кўра, ҳомиладор ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар қисқаришга ҳам тушмайди
Савол: мен 10 апрелда бошқа ишга ўтганман. Энди ноябрда «декрет»га чиқаман. Шунда менга неча фоиз «декрет пули» чиқади?
Маълумот учун, 4 нафар 12 ёшга етмаган фарзандларим бор. Давлат ташкилотидаги жами иш стажим 7,5 йил.
МК 404-моддасига кўра, аёлга туғруққача етмиш календар кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календар кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календар кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сон қарорига кўра, 12 ойдан кўпроқ танаффусдан сўнг меҳнат фаолиятини қайтадан бошловчи ходимлар учун декрет пули 75 фоиз тўланиши белгиланган.
Демак, янги ишга кириб тўлиқ 12 ой ишламаган ходимларга «декрет пули» 75 фоиз тўланади.
Болани парваришлаш таътилидан чиқиш ва меҳнат фаолиятини тиклаш бошқа-бошқа нарса. Уларни чалкаштирмаслик лозим. Ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилган пайтдан бошлаб (МК 127-моддаси) 12 ойдан кўп вақт ўтган бўлса, аёл ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдорини 100 фоиз олиш ҳуқуқига эга.
Изоҳ: меҳнат ҳуқуқига оид саволларингизни @xabargayoz_bot 'га жўнатишингиз мумкин.
Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter