Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Туя гўштини еган» қонун лойиҳаси қачон эълон қилиниши айтилди

«Туя гўштини еган» қонун лойиҳаси қачон эълон қилиниши айтилди

Кеча, 10 сентябр куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори «Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри»га доир қонун лойиҳаси қачон депутатлар эътиборига ҳавола қилинишини айтди.

Акмал Бурҳоновга бу борада савол берган депутат Умида Раҳмонова саволини асослантириш учун, жумладан, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда коррупцион жиноятларни содир этган 566 нафар шахс давлат хизматига қайта қабул қилингани ва яна коррупцияга қўл ургани ҳақидаги фактларни келтирган.

Йиғилиш давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов реестр қачон ишга тушиши бўйича ҳисобот берди.

«Дастлабки қонун лойиҳаси 2022 йил бошида ишлаб чиқилиб, ўтган вақт давомида вазирлик-идоралар билан келишилди ва жорий йил бошида Президент администрациясига киритилди.

Лекин администрация томонидан бир қатор эътирозлар бўлди, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш бўйича вазифа юклатилган эди. Биз вазифалардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштирдик. Шу кунларда яна бир марта охирги версиясини Президент администрацияси орқали Қонунчилик палатасига киритишни режалаштирганмиз. Ўйлайманки, шу ой охирига қадар бу қонунни сизларнинг эътиборингизга кўриб чиқиш учун киритамиз», – дейди Бурҳонов.

Эслатиб ўтамиз, Президент 2021 йилнинг 6 июлдаги фармони билан Агентликка мазкур Реестрни ва у билан боғлиқ чекловларни амалиётга жорий этишга қаратилган қонун лойиҳасини 3 ой муддатда ишлаб чиқиш ва Президент Администрациясига киритиш вазифасини юклаган эди.

Бундан ташқари Агентлик тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда, айнан мазкур фармонга кўра, 2 ой муддатда давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этишга доир «Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб Вазирлар Маҳкамасига киритиши зарур эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг