«Трампга учинчи суиқасднинг олди олинди» — шериф
Калифорнияда АҚШ президентлигига номзод Доналд Трампнинг митинги ўтаётган жойдан унча узоқ бўлмаган ҳудудда қуролланган эркак қўлга олинди.
Ҳодиса 12 октабр куни маҳаллий вақт билан соат 17:00 атрофида содир бўлган. Эркак назорат-ўтказиш пунктида қўлга олинган. У Лас-Вегаснинг 49 ёшли Вам Миллер исмли фуқароси бўлиб чиқди.
Полиция унинг ёнидан ов милтиғи ва ўқланган тўппонча топди. У ноқонуний қурол сақлагани учун ҳибсга олинган. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг аниқлик киритишича, ҳодисада Трамп ва тадбирнинг бошқа иштирокчилари хавфсизлигига ҳеч қандай зиён етмаган.
«Биз яна бир суиқасднинг олдини олган бўлишимиз мумкин», деди шериф Бианко. Унинг сўзларига кўра, Миллер ҳукуматга қарши гуруҳ аъзоси.
ФҚБ воқеа Трампга суиқасдга уриниш билан боғлиқлигини ҳали тасдиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 13 июл куни Пенсилвания штатидаги сайловолди учрашув пайти АҚШ президентлигига номзод Доналд Трампга қарши суиқасд уюштирилгани хабар қилинганди. Ўшанда 20 ёшли Томас Мэтью Крукс исмли шахс томонидан отилган ўқ Трампнинг ўнг қулоғини «ялаб» ўтган. Сиёсатчи енгил жароҳат олган, мерган эса отиб ўлдирилганди.
Икки ой ўтиб, 15 сентябр куни қуролланган америкалик Раян Уэсли Роут АҚШ президентлигига номзодга суиқасд уюштиришга уринишда айбланиб, қўлга олинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter