Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дарахт шохларига «осилиб» мактабга қатнаётган болалар (видео)

Бухоронинг Шанба аҳолиси: «Йўллар таъмирталаб, ичимлик суви йўқ, мактаб узоқ. Шунга кўниб яшаяпмиз».

Бухоро вилояти, Вобкент туманидаги 6 та қишлоқни ўз ичига олган Шанба маҳалласи туман марказидан салкам 30 километрча олис масофада жойлашган. Манзил сари халқаро аҳамиятга молик текис ва равон йўлдан елдек учиб борар эканмиз, йўлларимиз Хайр-хуш маҳалласига туташди. Аввалига охиригача асфальтланган, дея ўйлаганимиз ушбу йўл давоми ҳам таъмирталаб бўлиб чиқди.

Худди шундай Ўзбакон маҳалласининг асосий қатнов йўли ҳам бир нечта узилишларга эга: йўлнинг бошланиш ва охирги масофалари асфальтлаштирилган, оралиқда эса камида 2-2,5 километрча жой таъмирга муҳтож. Шанба маҳалласига етиб боргунчалик узоқ масофали таъмирга муҳтож йўллар ҳақида сўзламаса ҳам бўлади. Дам ўнқир-чўнқир, дам қумли ва тошли, шағалли йўлларни автоуловда қийинчиликлар билан босиб ўтишга тўғри келди.

Шанба, Дилором, Обод маҳалла, Ҳайрона, Облогўй, Халқобод, Шамсиобод қишлоқларини ўз ичига олган Шанба маҳалла фуқаролар йиғини аҳоли сони 2949 нафардан иборат. Ўқувчилар салкам 5 километр олис масофадаги мактабга қатнаб ўқишади. Жами 7 километрдан иборат узун ва қисқа ички йўллар асфальтлаштирилмаган, улар орасида, ҳатто, шағал кўрмаган йўллар ҳам йўқ эмас. Жорий йилнинг октябрь ойи охирларида ёққан икки кунлик ёмғир аҳолининг узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларини янада оғирлаштирган. Мактаб ўқувчилари ёмғир суви таъсирида «кўрпа» бўлган лой йўллар ва сув «ҳовуз»ларини кечиб ўтишга мажбур бўлишган.

Биз мурожаат келиб тушган кунда эмас, айрим сабаблар билан ёмғирдан кейинги кунларнинг тўртинчисида манзилда бўлдик. Бироқ, мурожаат келиб тушган Шамсиобод қишлоғигина эмас, ушбу қишлоққа кириб келгунчалик йўллар ҳам таъмирталаб аҳволда. Йўллар тор ва икки томони тут дарахтлари билан тўсилган. Айниқса, 27-умумий ўрта таълим мактабидан уй-уйига қайтаётган ўқувчиларни кузатар эканмиз, елкасида ўзидан катта папкани илган болалар лойга ботиб қолмаслик учун тут дарахтлари шохларини қайириб-қайириб, ўзларига йўл топиб боришарди. Қайсидир бола велосипедда ўтса, қайсидири «э, бор-е» деб ҳали-ҳануз қуримаган ёмғир сувларини кечиб ўтади. Автоуловларнинг «бели»гача шўнғиб ўтаётганини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Бу ҳолат жонли нигоҳларимизнигина эмас, темир кўз камераларниям эзиб юборган бўлса, ажабмас.

«8-синфда ўқиймиз. 8 йилдан бери шу аҳвол. Кўникиб ҳам кетганмиз. Обод маҳалла қишлоғиданман. Ҳарқалай, қишлоғимиз шамсиободлик синфдошларимиздан яқинроқ. Қаранг, улар ҳар куни оёқларига селлофан кийиб қатнашади. Йўлларимиз таъмирланишини жуда-жуда истардик», — дейди ўқувчилардан бири.

«Э-э, бу йўлларнинг «одам» бўлишига ишонмайман. Мана, мен «Обод маҳалла»данман. Номига мос бўлса-да...» — дея ачиниш билан кулиб сўзлайди кейинги ўқувчи.

Ўқувчи ёшларнинг вояга етмагани боис, уларнинг исми шарифини очиқламадик.

«Шамсиобод қишлоғиданман. Бу муаммолар юзасидан туман ва вилоят ҳокимликларига ҳам чиқдик, вилоят ички ишлар бошқармасининг ҳам хабари бор. Неча йилдан буён жуда кўп марта айтамиз, шикоят қиламиз, бефойда. Юртбошимиз ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга елка тутиш ҳақида кўп гапирадилар. Аммо, бизнинг болаларимиз ёғин-сочинли кунларда мактабдан қандай аҳволда қайтаётганидан бу ердаги мутасаддилар хабар олишса бўларди», — дейди Шариф Худойқулов.

Шариф Худойқулов.

Отахоннинг сўзига фуқаролардан бири қўшилади: «Бу ердаги раҳбарлар ҳам аҳволдан хабардор, келишган, аммо, «кўришмаган», — дейди истеҳзоли кулиб.

«Аҳвол шу. Кўриб турибсиз, қишлоғимиз туманнинг энг четида жойлашган. Биз-ку, майли, кексалар уйда ўтирамиз. Невараларимиз мактаб қатнашади. Худди дарёдан кечгандек, лойга, сувга ботиб, уйга кириб келишади. Ҳеч бўлмаса, қиш-қировли кунларда йўлнинг чуқур ва ўйдим жойларига шағал ташлашса бўларди», — дейди Ҳамро Ражабова.

Ҳамро Ражабова.

Онахоннинг сўзига кўра, ушбу ички йўл 1974 йилда асфальтлаштирилган. Ундан кейин бирор марта таъмирланмаган ҳам, шағаллаштирилмаган ҳам. Мурожаатлари эътиборсиз қолдириб келинган.

Бундан ташқари, фуқаролар мактабнинг маҳалла болалари учун жуда олис масофада жойлашгани, ҳатто, маҳалла фуқаролар йиғини ҳам қишлоқдан 4 километрдан узоқда эканини билдиришди. Ўрганувимизга кўра, мактаб болалари учун автобус хизмати йўлга қўйилмаган ва бу ҳақда бош ҳам қотирилмаган.

«Бизнинг ўқувчилик давримизда бор эди бунақа автобуслар. Бир неча маротаба бу талаб билан ҳам чиққанмиз. Аммо, натижасиз қолган», — дейди кейинги фуқаро.

«Тоза ичимлик суви масаласи ҳам жуда оғир. Тўғри, сув ташув машиналари орқали ҳафтада икки маротаба етказиб берилади. Аммо, қувурлар орқали тортилиши ҳақида берган ваъдалари «отам замони» эди», — дейди бошқа бири.

Аҳолини тинглар эканмиз, маҳалла раиси Лола Ражабова вазиятни юмшатишга уринар ва уларни маҳалла томонидан қилинган ишлар ҳақида сўзлаб беришга ҳам ундар эди.

Лола Ражабова, Шанба МФЙ раиси.

«Мактаб ўқувчилари қатнови учун автобус ажратиш масаласида менга мурожаат билан чиқишмаган. Агар шундай мурожаат билан чиқишганда эди, юқори турувчи ташкилотларга бу масалани билдирардик», — дейди маҳалла раиси.

«Узр. Тайинланганингизга салкам уч йил бўлган экан. Аҳолининг муаммоси юзасидан мурожаат билан чиқиши заруратмас, ахир бор муаммони ўзингиз ҳам кўра билишингиз керак эмасми?» — дея сўраймиз.

«Одамлар муаммолар ҳақида гапиришади, аммо, маҳаллада амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам гапириш керакми? Шукурни ҳам билиш керак-да! Яқиндагина йўллар шағаллаштирилиб, йўл чиқарилди. Мана, яқинда бизнинг ташаббусимиз билан болалар боғчаси қурилиши бошланди. Боғча тикланса, худо хоҳласа, ўз-ўзидан йўллар созланиб, маиший хизмат шахобчалари ҳам ишга тушиши эҳтимол. Фуқаролар олиб чиқаётган масалалар ҳам бор, тўғри. Тез кунларда Ислом тараққиёт банки маблағлари асосида амалга ошириладиган лойиҳалар орқали барча муаммолар бартараф этилади», — деди Лола Ражабова.

Журналистик суриштирув давомида Обод маҳалла, Облогўй, Халқобод қишлоғи ички йўлларининг ҳам носоз ва таъмирталаб аҳволдалигига гувоҳ бўлдик.

Шерзод Жўраев, Вобкент туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси бош муҳандиси.

«Сизлар босиб ўтган 4к-212 автомобил йўлининг 9-12 километри тўла таъмирлаш дастурига киритилган ва тўлиқ таъмирланган. Йўлнинг қолган қисмлари эса таъмирланиб, шағаллаштирилади. Шанба маҳалласига тегишли 7 километрли йўл эса ҳақиқатан таъмирталаб ва бундан 50 йилча илгари асфальтлаштирилган. жорий таъмирлаш учун ҳам маблағ керак. 1 километр масофани асфальтлаштириш учун 700-800 миллион сўм маблағ сарфланади. Ҳозир эса аҳолининг бу ички йўллар борасидаги мурожаатини жойида бартараф этамиз», — дейди Вобкент туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси бош муҳандиси Шерзод Жўраев.

Дарҳақиқат, ҳолат жойида Вобкент тумани ҳокими топшириғи билан аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган маҳалланинг ички йўлларининг абгор ва носоз жойларини шағаллаштириш ишлари бошлаб юборилди. Зарур техника воситалари ҳамда 50 нафарга яқин меҳнат кучи жалб этилди. Бир неча соат ичида аҳоли ўхшатмасига кўра, «ёмғирдан дарё бўлган» сувлар қочирилиб, чуқурлар кўмилиб, шағаллаштирилди.

Муносабат ўрнида: Қишлоқларнинг таъмирталаб ички йўллари оралаб юрар эканмиз, аҳоли яшайдиган айрим хонадонлар атрофи бегона ўт ва тиканлардан тозаланмаганини, кўркамлик ва ободликка эътибор қаратилмаганини ҳам кўрамиз. Айримларининг шундоқ дарвозаси олди ўнқир-чўнқир, ўйдим-чўйдим, ёмғир сувлари балчиб ётганини кузатамиз. Афсуски, ҳатто, қўлга битта кетмон олиб, ўқувчиларга бироз қулайлик туғдириш учун ўз уйи олдининг ёмғирдан бўккан хандаклари сувини қочириш чорасини кўришмагани ҳафсалангизни пир қилмай қўймайди. Маҳаллада жами 1500 нафардан ортиқ эркаклар истиқомат қилишар экан. Бу қишлоқ эркаклари ҳеч ҳашарга чиқишганмикин, деган савол туғилади? Ўзи қилиши керак ёки ўзи қила оладиган ишни ҳам бажармай, давлат идоралари ишчи-ходимлари кетмонига қараб қолиш ҳашарни билган халқимиз учун эришмасмикин?

Салкам 4 соат куттирган «электриклар»

Икки кунлик ёмғир Облогўй қишлоғи аҳолисига ҳам анча талофат етказган. Фуқароларнинг сўзига кўра, симёғочларда катта ва ўрта кучланишли электр симларининг бир-бирига тўқнашиб кетиши оқибатида 15 нафарга яқин фуқаронинг электр ҳисоблагичлари шикастланган ва куйган.

«Қишлоқ трансформатори 1968 йилда тикланган. Ҳар йили камида 10 марта таъмирланади. Аммо, янгиланмайди. Симёғочларда ҳам катта ва кичик кучланишли электр симлари кесишмаси устма-уст ўтма шаклда уланган. Бу мумкин эмас, аслида. Шунинг учун ҳам электр симларининг шамол ёки ёмғир таъсирида бир-бирига тўқнашиб кетиши оқибатида электр ҳисоблагичлар куйиб кетди. 5 кун давомида хабар олишмади. Ўзимизни чақириб, ўз ҳисобимиздан янги электр ҳисоблагичларни сотиб олишимиз айтилди. Мурожаат этишга мажбур бўлдик», — дейишди фуқаролар.

Масалага ойдинлик киритиш учун Вобкент туман электр таъминоти корхонаси мутасаддиларидан ҳолат жойига келишини сўрадик. Туман ҳокимлиги масъулларининг ҳам такрор-такрор «чақируви» зое кетди. Салкам 4 соат ичида зўрға етиб келган туман электр таъминоти корхонаси раҳбари асл муаммо қолиб, аҳолига тегишли уй-жойининг жойлашуви масаласи юзасидан фуқаролар билан баҳсга борди. Туман ҳокими ўринбосари эса корхона раҳбарига аҳоли мурожаати билан боғлиқ масалага эътибор қаратиши талабини қўйди.

Жасур Тўраев, Вобкент туман электр таъминоти корхонаси раҳбари.

Вобкент туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Жасур Тўраев 15 нафарга яқин фуқарога тегишли бўлган электр ҳисоблагичларнинг шикастлангани ва куйгани масаласи ўрганилгач, хулосаланишини билдирди.

Облогўй қишлоғидан тушган ушбу мурожаат ҳам журналистик суриштирув давомида жойида бартараф этилди. Маълумотга кўра, 0.4 кВ кучланишдаги ҳаво электр узатиш тармоғида келиб чиққан носозликлар сабабли аҳолининг 12 дона электр ҳисоблагичлари шикастланган.  Тармоқдаги нуқсонлар Вобкент туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан бартараф қилиниб, зарарланган ҳисоблагичлар корхона ҳисобидан янгисига алмаштирилди. Айни пайтда истеъмолчиларни тармоққа улаш ишлари олиб борилмоқда.

«Раҳбарлар отнинг калласидек ойлик олади...»

Фуқаролар яқин ҳудудда шоли ҳосилининг етиштирилаётгани томорқаларда зах сувларининг кўтарилиб,  яшаш уйлари,  экин майдонлари ва дарахтларга жиддий зиён етказганини айтмоқда.

Бугун одамлар муаммолардан чарчаган. Асабийлашиш ҳаддан ошган, миялар қобиғидан чиқиб кетгудек даражада.

«Раҳбарлар отнинг калласидек ойлик олишни билади, аммо, одамларнинг дарди билан иши йўқ. Журналист бўлсангиз, Шамсиобод қишлоғига боринг. Шоликорнинг қилган ишини кўринг. У туфайли уйимиз деворлари ёрилиб, экин майдонларимиз зах сувларга тўлиб, дарахтларимиз қуриб кетди», — дея жазавага тушиб сўзлади шу қишлоқда яшовчи фуқаро Ўткир Тўраев.

Ушбу фуқаронинг ҳам мурожаатини эътиборсиз қолдирмаслик учун унинг яшаш хонадонига бордик. Ўзи айтганидек уй деворлари ёрилган. Ўзи тасвирга олган видеога кўра, уйининг ертўласи зах сувга тўлиб, деворлари нураган. Экин майдонида ҳам зах юқори. Дарахт ва кўчатлар қуриган.

Ўткир Тўраев, фуқаро.

«Бошқа қўни-қўшнилардан ҳам сўраб кўринг, уйига киринг, томорқасию экинлари, ҳосилларини кўринг. Ҳаммаси нобуд бўляпти. Юз жойга чиқдик, минг бор мурожаат қилдик. Фойдаси йўқ. Асабийлашасан-да, одам, бақирасан-да, одам. Гапирсанг, санг «ёзувчи» дейишади», — дейди фуқаро Ўткир Тўраев бир дафъа ҳам масъуллар билан тортишувдан тўхтамай асабийлашган кўйи.

Масъуллар Ўткир Тўраевнинг мурожаати кўриб чиқилгани, ҳатто, унга кўмак ҳам кўрсатилгани, «Заҳро юлдузи» фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан чора кўрилгани, фуқаро эса эски муаммоларни қайта-қайта кўтариб чиқаётганини билдиришди. Шунингдек, шоликор томонидан зиён кўрган фуқаро зарарлари қоплаб берилиши жуда кўп бор тушунтирилганини сўзлашди.

Маълум бўлишича, туман Мелиорация ва Тик қудуқлар бўлими мутахассислари ушбу масалани ўрганишган. Ҳақиқатан, Шамсиобод қишлоғидаги 14 гектарлик майдон атрофидан Фаравет канали юқоридан ўтган ва сув аҳоли ерларига зах берган. Август ойининг охирида эса зах меъёрига тушган.

«Мутахассислар жорий йилда зах сувнинг юқори бўлганини ўлчаб кўришди. Ва захнинг юқори бўлганини билдиришди. Аммо, бу зах шоли ҳосилини етказишданми ёки табиий ҳолатдами, буни ҳам ўз мутахассислари ўрганишмоқда. Аммо, аҳолига амалий ёрдам бердик. 1,5 километрча заҳкашларни қазидик. Зах қочириш қудуқлари ишга туширилди. Зах сув пасайди. Фермур хўжалик раҳбарини чақирдик, аҳоли билан учраштирдик. Ҳар бир қуриган кўчат ўрнида кўчат ўтқазиш пайти келганда, 10 тадан кўчат олиб беришини, етказилган зиёнларни қоплашини кўп бор тушунтирганмиз», — деди туман ҳокими ўринбосари Озод Нўкаров.

Озод Нўкаров, Вобкент тумани ҳокими ўринбосари.

Журналистик суриштирув давомида шолизор оралаб борар эканмиз, фуқаро бу экин майдонининг ўз яшаш хонадонидан 70 метр масофада жойлашганини, аммо, таъсири ошаётганини билдирди. Ёнма-ён қатор дарахтлар борки, бири қуриган, бири ям-яшил эканига, шолизорнинг шундоқ ён экин майдонларида ва унга яқин бошқа хонадон томорқаларида унчалик талофат етказмаганини кўрамиз.

«Биз яшайдиган ҳовли шолизордан анча қуйида ва зах суви ҳам шунга қараб йўналади. Бундан ташқари, ҳозир масъуллар заҳқаш тик қудуқлари ҳақида сўз очишди. Шоли ҳосилини сероб олиш ва доимий сув билан таъминлаш учун зах сув оқиб ўтадиган заҳкаш қувурлари ости ўзбошимчалик билан  тупроқ билан тўлдирилган. Бу ўз-ўзидан зах сув йўлини тўсади, оқибатда аҳоли яшаш уйи ва экин майдонларига талофат етказади. Ўрганиб чиқишларини ва ҳолатга қонун доирасида одилона жавоб беришларини талаб қиламан», — дейди фуқаро.

Лайло Ҳайитова, Xabar.uz мухбири


Қўшимча маълумот ўрнида: Вобкент тумани ҳокими Фарҳод Умаров «Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси» иштирокида 2022-2025-йилларда Вобкент туманининг 2 та асосий ва уларга ёндош бўлган 6 та маҳалласида маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

«Дастур доирасида 8 та маҳаллалар ҳудудида 30 та трансформатор пунктлари ўрнатиш, 63,6 км электр тармоқларини тортиш, 68,0 км ичимлик суви тармоқларини тортиш ва 60,5 км ички йўлларни таъмирлаш, жумладан «Шанба» МФЙда 4 та трансформатор пункти ўрнатиш, 10 км тармоқлар тортиш, 18,0 км ичимлик суви тармоқларини тортиш ва 5,5км ички йўлларни таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Ҳозирги кунда ичимлик суви тармоқларини тортиш ишларини лойиҳалаш жараёни олиб борилаётганлигини инобатга олган ҳолда, сув тармоқлари тортилгандан сўнг, йўлларни асфальтлаштириш, таъмирлаш ишлари бажарилади», — деди Фарҳод Умаров.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг