Шимолий Корея Россияга ҳарбий мадади эвазига нима олиши ойдинлашди
КХДР Россияни ўқ-дори ва аскарлар билан таъминлаши эвазига йилига 700 минг тонна гуруч ва космик технологиялар олади. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Россиядаги собиқ элчисига асосланиб Korea Herald хабар берди.
Нашрга кўра, собиқ элчи Ви Сон Лак бу маълумотларни Жанубий Корея разведкасидан олган. Таъкидланишича, илгари Москва Пхенянга йилига 50 мингдан 100 минг тоннагача гуруч етказиб берган бўлса, энди йиллик таъминот 600-700 минг тоннагача оширилади.
Қолаверса, Россия Пхенянга илғор космик технологиялар қўлланган жосуслик йўлдошини учиришда кўмаклашади.
Аммо элчининг фикрича, энг муҳими, Корея яриморолида уруш бошланса Москва ёрдамга келиши борасидаги келишувдир.
«Шимолий Корея Россия томонида урушиб келгани энди ҳаммага маълум. Қачондир Корея яриморолида уруш бошланса, Россия мададга келишига Шимолий Кореянинг ишончи комил», — деди элчи.
Украина ва Ғарб манбаларига кўра, КХДР Россияга 10 мингга яқин ҳарбий хизматчисини жўнатган, улар тез орада Россия-Украина урушига ташланиши мумкин. Буни ҳатто Владимир Путин ҳам инкор этмаяпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter