Россия Ғарб самолётларини портлатишга уринишда айбланди
Россия махсус хизмати АҚШ ва Канадага учаётган самолётларда ёнғин ва портлаш келтириб чиқариш мақсадида махсус ёнувчи воситалар юборган, деб ёзди The Wall Street Journal (WSJ) нашри 4 ноябрь куни.
Жорий йил июль ойида DHL ширкатининг Лейпциг (Германия) ва Бирмингем (Буюк Британия) шаҳарларидаги нақлиёт марказларида ёнғин келиб чиққан эди.
Текширувларда ёнғин электр массажёр қурилмаси ичига ўрнатилган ёнувчи моддалар сабабли келиб чиққани аниқланган.
WSJ нашрининг Ғарб махсус хизматларидаги манбаларига кўра, ушбу қурилмалар АҚШ ва Канадага учаётган самолётлар ичида ёниши ва учоқ ҳалокатига олиб келиши мақсад қилинган.
Икки қурилма синов тариқасида юборилгани, Россия Вашингтон ва унинг иттифоқчиларига қарши янада кенг кўламли диверсия амалиётини режалаштиргани тахмин қилинмоқда.
Жорий йил октябрь ойида Польша прокуратураси DHL ширкати омборларида рўй берган ёнғинга алоқадор тўрт киши ҳибсга олингани, яна икки гумондор қидирилаётганини маълум қилганди. Ҳибсга олинганларга нисбатан хорижий давлат топшириғи асосида террор амалиётини уюштиришда қатнашиш айблови илгари сурилган.
Агар қурилмалар омборда эмас, балки самолётларда ёнганида, Москванинг бу амалиёти жиддий оқибатларга олиб келар эди деб ҳисоблайди Польша ташқи разведка хизмати раҳбари Павел Шота.
«Агар пакетлардан бири портлаб оммавий қурбонлар берилганида нима бўларди эди? Россия сиёсий етакчилари бунинг оқибатини англаганига шубҳам бор», – деган П.Шота.
Бошқа Ғарб давлатлари махсус хизматлари ҳам хавфли жўнатма амалиёти ортида Россия ташқи жосуслик хизмати турганини айтган.
Кремль бу айловларни рад этган. «Бу ОАВнинг анъанавий уйдирмаси, далилларсиз гап», – деган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter