Сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шароитлар яратилди
27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бемалол иштирок этиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Бу сайловларда инклюзивликни таъминлаш учун бир қатор чоралар кўрилди. Жумладан, 616 нафар ногиронлиги бўлган шахслар сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзод сифатида кўрсатилди. Шунингдек, сайлов комиссияларида 1 343 нафар ногиронлиги бўлган шахслар фаолият юритмоқда.
Таҳлилларга кўра, республика бўйича 832 минг нафар ногиронлиги бўлган сайловчи мавжуд, шулардан 105 минг нафари сайловда иштирок этиш учун ёрдамга муҳтож. Шу мақсадда 16 мингга яқин волонтёр сайловчиларга ёрдам бериш учун жалб қилинган.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловда иштироки учун зарур инфратузилма яратилди. Овоз бериш хоналарига махсус жиҳозланган кабиналар ўрнатилди, кўзи ожиз сайловчилар учун оптик лупалар билан таъминланган сайлов участкалари ташкил этилди. Барча участкалар Брайль алифбоси асосидаги трафаретлар билан таъминланди, биноларга пандуслар ва ёрдамга чақириш тугмалари ўрнатилди.
Шунингдек, сайловнинг барча босқичларида сайлов билан боғлиқ ахборотлар сурдо таржима, субтитрлар ва Брайль алифбоси орқали етказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter